Арипов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ер алмашинуви тафсилотларини маълум қилди

Абдулла Арипов. Парламент мажлиси видеоёзувидан кадр

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат аъзолари иштирок этиб, чегара бўйича қабул қилинган қарорлар ҳақида гапирди. Даставвал, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин қўшни давлатлар билан чегара чизиғида эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.

«Кейинги беш йил давомида Қирғизистон билан 1170 км, Тожикистон билан 193 км узунликдаги чегара чизиқлари келишилиб, делимитация шартномалари имзоланди. Қозоғистон билан 2356 км узунликдаги давлат чегараси демаркация қилинди. 15 та чегара ўтказиш пунктлари фаолиятлари қайта тикланди: Тожикистон билан — 10, Қирғизистон — 3, Қозоғистон билан — 2 та. Ҳозирда ушбу янги очилган чегаралардаги ўтказиш пунктларидан кунига 18 минг фуқаро ва мингдан ортиқ юк автомобиллари ўтади», — дея Абдулла Арипов сўзларидан иқтибос келтиради «Газета.uz».

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Қирғизистон билан баҳсли 35 та участка — жами 302 км бўйича келишиш учун беш йил керак бўлган. Охир-оқибат, қарор қабул қилинди:

✅ Қирғизистон Кампиробод (Ўзбекистонда Андижон деб аталади) сув омбори (4957 га) ҳудудини беради. Бунинг эвазига у Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги Пошахўр участкасидан 1019 гектар яйлов олади.

Ариповнинг тушунтиришича, собиқ иттифоқ даврида 4127 гектар ер майдони Ўзбекистон ССР ҳудудидан сув омбори учун компенсация сифатида берилган. Сув омбори эгаллаган ҳудуд ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш яна 19,5 гектар майдон Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистонга ўтказиляпти. Ўз навбатида, қўшнилар билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш учун сув омборидан Қирғизистон фуқаролари айрим мақсадларда фойдаланишга рухсат бериляпти.

✅ Ўзбекистон совет даврида Қирғизистон томонига ваъда қилинган канал қурмагани учун ўзлаштирилмаган ерлар учун компенсация сифатида Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларидаги Ғавасой участкасидаги 12 709 гектар яйловни Ўзбекистон Қирғизистонга беради.

«Собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон томонидан 200 километрдан ортиқ Кампиробод чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти олинган. Афсуски, ҳар хил сабаблар билан ушбу канал қурилмай қолиб кетган. Айнан шу мажбурият бажарилмагани сабабли, катта миқдордаги 8 мингдан 18 минг гектаргача бўлган ер майдонлари ўзлаштирилмасдан қолгани Қирғизистон томонидан узоқ йиллар давомида таъкидлаб келинган», — деб тушунтирди Арипов.

Унинг сўзларига кўра, наманганлик депутатлар Гавасой участкасининг 6 минг гектар майдони баҳсли ерлар бўлиб, аслида Қирғизистон фуқаролари томонидан фойдаланилаётганидан хабардор.

«Ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, 8 минг гектардан ортиқ ўзлаштирилмаган қишлоқ хўжалиги ер майдони учун 12 минг 700 гектар яйлов майдонини таклиф қиляпмиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда амалиётда чегара бўйича муҳокамаларда ўртача бир гектар экин ери учун 2,5 баробар кўп яйлов ери бериш қўллаб келинмоқда. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида 19,5 минг гектар эмас, балки 13 минг 719 гектар яйлов ер майдонларини компенсация тариқасида Қирғизистон томонига ажратилиши назарда тутилмоқда (4 минг 127 гектари олдин берилган)»— деди Бош вазир.

Наманаган вилояти Косонсой ва Чуст туманлари учун асосий суғориш манбаси бўлган Косонсой сув омбори Қирғизистон ҳудудидаги 850 гектар майдонда жойлашган. Сув омбори тўлиқ Ўзбекистон эҳтиёжлари учун ишлатилиб келинади. Шу сабабли Қирғизистонга Наманган вилояти ҳудудидан 477 гектар ер майдони компенсация сифатида ажратиш таклиф қилинмоқда. Бундан, Чуст туманидан ажратиши таклиф қилинган 105 гектар ер майдони Қирғизистон фуқаролари истиқомат қилиб келган, баҳсли Қорақўрғон массиви ҳисобланади.

✅ Демаркация жараёнида тартибга солиниши талаб этилаётган 10 та участка бўйича Қирғизистон тарафидан Ўзбекистонга 429 гектар ер майдони олинади. Бунинг ўрнига Ўзбекистон водий вилоятлари ҳудудидан 294 гектар майдонни бериш бўйича келишувга эришган.

✅ Ўзбекистон ва Қирғизистон Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги 2020-йил май ойи охирида икки давлат аҳолиси ўртасида чегара можаросига сабаб бўлган Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш ва тозалаш тўғрисида алоҳида ҳукумат битимини имзолашга келишиб олди.

Арипов келишувларнинг имзоланиши Қирғизистон билан чегарадаги келишмовчиликларга тўлиқ барҳам бериш, Ўзбекистон чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ва чегара ҳудудларида қонли можароларнинг олдини олиш имконини беришини айтди.

Бош вазир келишувлар ратификация қилинганидан кейин ҳар бир келишилган ҳудудда алоҳида иш олиб борилишини айтди.

«Майдонлар ўртасидаги тафовут Ўзбекистон ўз зиммасига аввал олган мажбуриятлари ҳисобига юзага келган. Биз бу тафовутни пулга ҳам чақиб кўрдик, лекин моддий нуқтаи назардан қийин рақамлар чиқиб кетяпти.
Делимитация ва демаркация жараёнларидан кейин чегаранинг ўз ҳимоя ҳудудлари ташкил қилиниши керак бўлади. Бизнинг дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, тахминан 130 та хонадонни кўчириш мўлжалланган. Уларга 50 миллиард сўм атрофида компенсация ажратиш режа қилинган. Улар хоҳласа пул олади ёки тайёр уй олади, бирор одам норози бўлмайди. Бу президентнинг шахсий назоратида», – дея Арипов сўзларини келтиради Kun.uz.

Парламент қуйи палатаси депутатлари ҳар иккала қонун лойиҳасини бирданига учта ўқишда қабул қилди. Энди улар Сенатга, кейин эса Ўзбекистон Президентининг имзоси учун юборилади.

Эслатиб ўтамиз, Андижон/Кампир-Обод сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишув қирғиз халқининг норозилигига сабаб бўлганди.

Бу қарордан норози бўлган қирғиз фаоллари ва сиёсатчилари «Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси»ни туздилар. Эртаси куни кўплаб қўмита аъзоларининг уйлари тинтув қилинди, 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинди, уларнинг аксарияти икки ойга ҳибсга олиниб, тергов изоляторига жўнатилди. Кейинроқ қўмита аъзолари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга сув омбори бўйича шартнома имзолашни кечиктиришга доир илтимос билан мурожаат қилдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ