Маҳкум журналист Раҳмонга йўллаган мактубида «бизнесменлар ўйинлари» ҳақида сўз юритган

Далер Имомали. asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистонда фаолияти тақиқланган «24-гуруҳ» билан ҳамкорлик қилгани учун 10 йилга қамалган тожикистонлик журналист ва блогер Далер Имомали Тожикистон президентига мактуб йўллаб, унда Эмомали Раҳмонни унинг ва ҳамкасбларининг ишига бефарқ бўлмасликка чақирган. Мактубни «Азия-Плюс» нашри эълон қилди.

Имомалининг ёзишича, у Шоҳмансур туман судининг 2022 йил 17 октябрдаги ҳукмини тан олмайди, чунки тергов ва суд «ёлғон, туҳмат ва иккиюзламачиликка тўла» кечган. У Тожикистонда тақиқланган «24-гуруҳ»га ҳеч қачон аъзо бўлмагани ва ушбу гуруҳ аъзоларидан бири билан бўлган суҳбати Адлия вазирлиги экспертлари томонидан экстремистик характерга эга деб топилгани «билмасликдан» келиб чиққанини айтади.

«Билмайман, нимага асосланиб суд қарори билан мени ушбу гуруҳ аъзоси деб ҳисоблашган. Мен ҳеч қачон бирон бир партия ёки ҳаракатга аъзо бўлмаганман ва бўлмайман ҳам. Таъқиқланган «24-гуруҳ»га аъзо эканлигимга далили сифатида суд бирор ҳужжат ва факт келтиролмади, фақат ўн жумладан иборат суҳбатни тақдим қилди», — деб ёзади Имомали.

У «24-гуруҳ»да иштирок этмаганини исботловчи бир қатор далилларни келтиради:

«1. Агар мен шу гуруҳда бўлсам, нега ҳалигача мамлакатни тарк этмадим? Йилига бир мартадан уч мартагача хорижга ижодий сафарларга борган пайтларим бўлган.

2. Агар ушбу гуруҳ аъзоси бўлсам, нега унда ушбу ёзишмаларни ўчирмадим?

3. Агар мен ушбу гуруҳ аъзоси бўлсам, нега телефон рақамимни ва ижтимоий тармоқларимни ўзгартирмадим?

4. Суҳбатимда мазкур гуруҳ билан бирдамлик қаерда ифодаланган?

Журналист 900 минг сомоний (87 минг доллар) олгани фактини ҳам рад этади.

«Алоқа хизмати тақдим этган ва ҳеч қандай компьютер дастури ёки интернет ишлатилмаган, лекин ҳаммаси ҳаводан тайёрланган ҳужжатга кўра, мен 900 000 (тўққиз юз минг) сомонийдан ортиқ даромад олганман. Ҳақиқат шуки, YouTube иловасининг ўзи таклиф қилганидек, мен бор-йўғи 8600 доллар ишлаб топганман», — деб ёзади Имомали.

Блогер 900 минг сомонийни қандай топиши ва қайси банк орқали олиши, қаерга сарфлаши ҳақида жавоб сўрайди: «Уй, машина, бойлик – менда ҳеч нарса йўқ!»

Бундан ташқари, Имомали Шоҳмансур тумани раиси ўринбосари фаолиятига оид ёлғон маълумот берилганини инкор этади ва мақолани «сохта» деб атайди, чунки барча материаллар журналист эмас, одамлар томонидан суратга олинган ва кейинчалик жамоатчилик фойдаланишидан олиб ташланган. Бундан ташқари, блогер даъвогардан кечирим сўраган. Унинг таъкидлашича, суд ҳукми матни тергов материалларидан тўлиқ кўчирилган ва суд жараёни оммавий ахборот воситалари иштирокисиз ўтган.

«Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари ва мамлакат Президенти барчангиздан менинг ва бошқа ҳамкасбларимнинг ишига бефарқ бўлмаслигингизни сўрайман. Бир гуруҳ тадбиркорларнинг ўйинлари қурбонига айландик. Шахсан менинг 35 йиллик ҳаётимда 28 та миллий ва хорижий давлатлар унвонлари, 3 та дипломим бор ва бу Ватан олдидаги хизматимнинг кичик бир қисмидир», — деб ёзади Имомали.

Далер Имомали шу йилнинг 15 июнь куни журналист Абдулло Ғурбати (Авазмат Ғурбатов) билан биргаликда Шоҳмансур тумани ҳокимлигида фуқароларни қабул қилиш ҳақида видео суратга олишга урингани учун туман прокуратураси ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Икки кундан сўнг расмийлар блогерни ноқонуний тадбиркорликда, атайлаб ёлғон маълумот тарқатишда ва Тожикистонда тақиқланган «Гуруҳ 24» ташкилотига аъзоликда айблаганини эълон қилган. Шу билан бирга, тақиқланган ташкилот Имомали билан ҳамкорликни рад этган. Блогернинг ўзи ноқонуний тадбиркорлик ҳақидаги банддан ташқари, унга қўйилган айбловлар бўйича айбини тан олмаган.

Имомали устидан суд жараёни 7 октябрь куни бошланган. Суд Душанбедаги вақтинчалик ҳибсхонада бўлиб ўтган. Журналист 10 йилга озодликдан маҳрум этилган ва жаримага тортилган.

Абдулло Ғурбатий 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг суди ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди, деярли ҳеч ким, жумладан хотини ва онаси судга киритилмади. Ғурбатийнинг ўзи айбига иқрор бўлмаган, унинг ҳимояси ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ