РФ президенти Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида иттифоқ тузишни таклиф қилди

Владимир Путин. Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан уч томонлама иттифоқ тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради Россия ҳукумати матбуот хизмати.

Тўқаевнинг қайд этишича, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларда музокаралар ўтказишни талаб қиладиган муаммолар бор, «жумладан, гап газ сектори ҳақида бормоқда», лекин Остона уларни мушкул деб билмайди.

«Бу кундалик масалалар. Ишончим комилки, биз тегишли келишувларга эришамиз.

Бугун Владимир Владимирович ўзига хос уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклигини айтди. У Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилмоқчи.

Исталган натижа ва келишувларга эришиш учун биз ҳам ушбу мавзуни чуқур ўрганишимиз керак — ҳеч бўлмаганда мен ўрганишим зарур, мутахассисларимиз ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Принципиал жиҳатдан, биз бунга тайёрмиз, нега ҳам уриниб кўрмаслигимиз керак», — деди Тўқаев.

Путин билан учрашувда икки давлат президентлари икки томонлама ҳамкорлик ривожидан мамнунлигини билдирди.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда Давлат Думаси раиси Вячеслав Володинни қабул қилди. «Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди», — дейилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади