Тожикистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси, мамлакатнинг энг яхши футболчиларидан бири Эҳсон Панжшанбе жорий йилнинг июль ойида ўзи кўчиб ўтган Эроннинг «Зоб Ахан» клуби билан шартномани бекор қилди.
Футболчининг агенти Кова Тилавпурнинг хабар беришича, шартнома ўзаро келишув асосида бекор қилинган. Бунга футболчининг клубда ўйнай олмагани сабаб бўлган. Эрон чемпионатининг 11 тури давомида Эҳсон Панжшанбе бешта марта майдонга тушиб, бор-йўғи 65 дақиқа майдонда ўйнаган.
Бундан ташқари, яқинда уйланган Панжшанбе Эрондаги тартибсизликлар фонида оиласидан хавотирда.
Таъкидлаш жоиз, Эронда 22 ёшли асли курд миллатидан бўлган Маҳса Аминининг ҳибсда ўлими сабаб норозилик намойишлари икки ойдан бери давом этмоқда. Ҳатто Эрон терма жамоаси футболчилари ва Эрон футболи фахрийлари, жумладан Али Даеи ҳам норозилик билдиришмоқда.
Бундан олдин Панжшанбе фаолиятини Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасида давом эттириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Тилавпур бу миш-мишларга изоҳ берди.
«Биз турли вариантларни, жумладан, ўзбек клубларининг таклифларини ҳам кўриб чиқяпмиз, аммо бу ҳақда гапиришга ҳали эрта», — деди агент «Фарғона» мухбири билан суҳбатда.
«Фарғона» хабарига кўра, футболчига Форс кўрфази мамлакатлари клублари, шунингдек, Россия жамоаларидан бири қизиқиш билдирмоқда.
Душанбанинг «Истиқлол» клубида тарбия олган, у билан уч карра Тожикистон чемпиони бўлган Эҳсон Панжшанбе мамлакатнинг энг яхши футболчиси ҳисобланади. 2020 йили у Наманган «Навбаҳор»и билан шартнома имзолади ва жамоадаги энг фойдали футболчилардан бирига айланди. Панжшанбе Тожикистон терма жамоаси сафида 38 та ўйин ўтказиб, 4 та гол уришга эришган.