Туркманистонлик йигит одамларни ноқонуний ишлатиб, ҳақ тўлаш ўрнига уларни полицияга топширган

Туркманистон полицияси. novayaepoxa.com сайти фотосурати

Туркманистоннинг Ахал вилояти Гекдепе этрапи (туман) да яшовчи фуқаро Тошҳовуз вилоятидан келган икки нафар одамни ўз уйи ҳовлисидаги бинони бузиш учун ноқонуний ёллаган ва иш тугаллангач ҳақ тўлаш ўрнига уларни полицияга топширган. Бу ҳақда «Хроника Туркманистана» нашри хабар беради.

Ҳибсга олиш чоғида ишчилардан бири уй эгасини шарманда қилмоқчи бўлиб, унга таҳдид қилган, бироқ бу вазиятни янада оғирлаштирган.

«Агар сен ҳалол одам бўлганингда, иш бошлашимиздан олдин полицияга хабар берган бўлардинг. Фарзандларимизни боқишимиз учун озгина пул тўласанг етарли эди. Аммо сен расво йўл тутдинг. Эсингизда бўлсин, мен қайтиб келиб, бу ерда ҳамма нарсани ёқиб юбораман», — деган қўлга олинган одам.

Полиция ходимлари бу сўзларни мулкни йўқ қилишга таҳдид сифатида протоколга киритади. Суд бўлиб ўтади, унга кўра эркаклар етти суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу вақт мобайнида бечора пойтахт меҳмонлари кўчаларни тозалашади. Шундан сўнг уларни поездга ўтқазиб, назоратчи ҳамроҳлигида уйларига жўнатишади.

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, бунга ўхшаш воқеалар тез-тез содир бўлиб туради.

Туркманистон қонунчилигига кўра, фуқаро рўйхатдан ўтган жойида яшаш, ишлаш ва ўқишга мажбурдир. Бироқ, пойтахт минтақаси — Ахал вилоятидан ташқарида, дурустроқ пулли иш топиш жуда қийин. Ашхободда ўртача ойлик иш ҳақи 2500 манат атрофида. Давлат курсида бу 714 долларни ташкил қилади. Қора бозор курсида (ҳақиқий курс) эса — 142 доллар. Юқори малакали ишга, масалан, IТ соҳасида — 5000 манат (қора бозор курсида 285 доллар) ҳақ тўланади.

Шу билан бирга, пойтахтда доимий прописка олиш деярли имконсиз, вақтинчалик прописка олиш эса бюрократик қиммат жараён ҳисобланади. Шу сабабли, пойтахтга пул ишлаш учун келган ва шаҳарда яшашни қонунийлаштириш учун молиявий имконияти бўлмаган вилоятлар одамларининг аксарияти ноқонуний муҳожирларга айланади, бундан эса ноинсоф иш берувчилар доим фойдаланиб қоладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ