Эронда ҳукуматга қарши намойишда иштирок этган одам қатл этилди

irna.ir сайти фотосурати

Эрон ҳукумати ўтган кузда мамлакатни қамраб олган оммавий норозилик намойишлари чоғида «Басиж» ҳарбийлаштирилган гуруҳ аъзосига ҳужум қилган шахсни қатл қилди. Бу ҳақда CNN Эроннинг Mizan Online ахборот агентлигига таяниб хабар берди.

Хабарда қатл этилган шахснинг исми кўрсатилган — бу Моҳсен Шекари. Эрон инқилобий суди 23 сентябрь куни Теҳрондаги норозилик намойишида «Басиж» (Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига бўйсунувчи ташкилот) кўнгиллисини пичоқлаган эркакни «Худога душманлик»да айбдор деб топган. Шекари 23 октябрь куни ўлимга ҳукм қилинган ва 8 декабрь пайшанба куни эрталаб дорга осилган.

Бу давлат оммавий ахборот воситалари томонидан ошкор қилинган норозилик намойишлари билан боғлиқ биринчи қатл эди.

Iran Human Rights нотижорат инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Маҳмуд Амири-Моғаддам Mahmood Amiry-Moghaddam) CNN шарҳида воқеага «кучли халқаро жавоб» беришга чақирди. «Акс ҳолда, биз ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилган намойишчиларнинг ҳар куни қатл этилишига дуч келамиз», — дея қўшимча қилди у.

Ҳуқуқ ҳимоячиси, шунингдек, Шекарига ўзи танлаган адвокат билан учрашишга рухсат берилмаганини таъкидлайди. У «Инқилобий суд жараёнидан сўнг тегишли қонун ҳужжатларига риоя этилмасдан» қатл этилган.

Эронда сентябрь ойи ўрталаридан бери давом этаётган норозилик намойишларига асли курд миллатига мансуд 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими сабаб бўлган. У Теҳроннинг ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғри кийишда айбланиб, ҳибсга олинганидан кейин вафот этган. Гувоҳларнинг айтишича, Амини хавфсизлик кучларининг шафқатсиз ҳаракатлари туфайли вафот этган. Полиция унинг ўлими бахтсиз ҳодиса дея изоҳлаган.

HRANA агентлиги маълумотларига кўра, 27 ноябрь ҳолатига кўра, намойишларни шафқатсизларча бостириш натижасида 60 нафар хавфсизлик кучлари, 451 нафар тинч аҳоли, жумладан, 63 нафар вояга етмаганлар ҳалок бўлган ва 18173 киши ҳибсга олинган.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти даъво қилишича, жорий йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра Эрон ҳукумати норозилик намойишларида иштирок этган камида 21 кишига нисбатан ўлим жазоси берилишини талаб қилмоқда. Бир неча кун олдин давлат ахборот агентлиги IRNA томонидан бешта нафар шахсга ўлим жазоси берилгани ҳақида хабар берилганди. Барча маҳкумлар Караж шаҳрида полиция ўринбосарининг ўлдирилиши бўйича ишда иштирок этган. Агентликнинг қайд этишича, ҳукмлар устидан мамлакат Олий судига шикоят қилиш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ