Душанбеда «Яндекс Go»нинг ишга туширилиши миш-мишлари фонида машинаси эски таксичиларни овлаш бошланди

Такси. asiaplustj.info

Тожикистон Давлат автоинспекция назорати ходимлари Душанбе шаҳрида шахсий транспортда одамларни ташиши тақиқланган такси ҳайдовчиларини аниқлаш борасида рейдлар ўтказмоқда. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар беради.

Рейдлар ноябрь ойининг охиридан бошланган. Такси ҳайдовчиларининг сўзларига кўра, баъзи компаниялар 2016 йилгача ишлаб чиқарилган автомобилларни минувчи ҳайдовчиларни ўз маълумот базасидан олиб ташлаган, эндиликда Дан ходимлари бундай ҳайдовчилар ишлашни давом этса, уларнинг машиналаридан давлат рақамларини ечиб олишмоқда.

«Компаниялар ушбу ҳайдовчиларга пойтахтга яқин шаҳарларда ишлашни таклиф қилишган, бироқ кўпчилик рад жавобини берган. Компаниялар уларни ўз базасидан олиб ташлашди, энди улар ноқонуний ишлашмоқда, — дейди таксичилардан бири.

2019 йили Душанбе шаҳар ҳокими Рустам Эмомали илтимосига кўра, Транспорт вазирлиги пойтахтдаги такси хизматларига 2020 йилдан бошлаб 2014 йилгача ишлаб чиқарилган, яъни олти йилдан ошган автомобиллардан фойдаланишни тақиқлаган эди. Бироқ, жорий рейд бошланишидан олдин, бундай қаттиқ назорат йўқ эди.

Такси компаниясининг собиқ ходими тушунтирганидек, чекловлар 2018 йилдан бери жорий этилган — такси хизматлари уч йилдан ошган машиналарни қабул қилмаган, қабул қилган тақдирдаям шартнома исталган вақтда бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Душанбе Давлат йўл инспекцияси бошлиғи Бахтиёр Вайсзода рейдга «автомобилларнинг техник ҳолатини текшириш» сабаб бўлганини айтади. Унинг таъкидлашича, такси хизматлари ўз такси паркларини меъёрдан ошириб ташлаган.

«Ҳозирги кунга қадар пойтахтимизда 12 та такси хизмати учун 3600 та квота белгиланган. Душанбе ҳудудининг кенгайиши муносабати билан мазкур компаниялар янги аҳоли пунктларига хизмат кўрсатиш учун яна 500 та автомашинани қўшиб олди. Яъни, таксилар сони 4100 тага етди ва бу пойтахт йўловчиларига хизмат кўрсатиш учун етарли. Аммо ҳозир Душанбеда 6000 дан ортиқ такси машинаси бор», — деди Вайсзода.

«Азия-Плюс»нинг қайд этишича, таксилар сонини қисқартириш зарурлиги ҳақидаги баёнотлар ижтимоий тармоқларда рекламани йўлга қўйган «Яндекс Go» компаниясининг Тожикистон бозорига кириши ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиши фонида эшитилмоқда. Компания хабар беришича, ушбу хизмат Тожикистонда синовдан ўтказилмоқда.

Бироқ, Душанбе ҳокимлиги бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини ва компаниядан сўров олмаганини айтади. Ҳокимликдагилар рейдларни яқинда содир бўлган бахтсиз ҳодиса — Душанбе таксисининг кўприкдан қулаб, йўловчилар автобуси устига тушгани билан изоҳланганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ