Тожикистон Олий суди ҳуқуқ фаоли Улфатхоним Мамадшоевани 21 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди

Улфатхоним Мамадшоева. Фотосурат журналист ҳамкасблари томонидан тақдим этилди

Ҳуқуқ ҳимоячиси Улфатхоним Мамадшоева 21 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм шу ҳафта бошида Тожикистон Олий суди томонидан чиқарилди, деб хабар беради «Озоди» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) ўз манбаларига таяниб. Бошқа тафсилотлар берилмаган.

65 ёшли Улфатхоним Мамадшоева Тожикистонда таниқли мустақил журналист ва фуқаролик фаоли. Сўнгги йилларда у «Фарғона» ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб, ижтимоий-сиёсий мавзуларда, шунингдек, Тоғли Бадахшон тарихи, маданияти ва таниқли шахслари ҳақида мақолалар эълон қилган.

Мамадшоева Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) маъмурий маркази Хоруғ шаҳрида ўтказилган норозилик намойишидан икки кун ўтиб, 18 май куни қўлга олинган. Расмийлар фаолни митинг ташкилотчиларидан бири қаторига киритиб, уни ҳукуматни ағдаришга оммавий чақиришда айблаган. Мамадшоева ушбу айбловни абсурд деб атаган.

24 май куни кечқурун «Тожикистон» давлат телеканали «Шикасти фитна» («Барбод бўлган фитна») номли ҳужжатли фильмни намойиш қилди ва унда Мамадшоева ўз иқрорини ўқиб берди. Журналистга нисбатан Жиноят кодексининг саккизта моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Август ойида Тоғли Бадахшондаги май воқеалари бўйича суд бошланди. Унда Мамадшоева судланувчи сифатида – собиқ турмуш ўртоғи, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари қўмондони собиқ катта маслаҳатчиси, генерал-майор Холбаш Холбашов (Холбашев) билан бирга иштирок этган. Сентябрь ойида Холбашов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилингани хабар қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ