Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Халқаро бетарафлик куни (12 декабрда нишонланади) ва мамлакат доимий бетарафлигининг 27 йиллиги муносабати билан озодликдан маҳрум этилган 308 нафар республика фуқаросини афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Бизнес Туркменистан» нашри хабар берди.
Президент фармонни ҳукумат йиғилишида имзолади. У Мудофаа вазири, Туркманистон Президенти ҳузуридаги Фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш комиссияси раиси, Давлат хавфсизлик кенгаши котиби Бегенч Гундогдиевга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларига озод этилганларнинг ўз оилалари бағрига қайтиши зарур чоралар кўришни топширди.
«Анъанага кўра, Туркманистонда миллий байрамлар арафасида жиноят содир этган, лекин қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган фуқароларни афв этиш маросими ўтказилади. Буюк аждодларимиз васият қилган инсонпарварлик ва меҳр-мурувват тамойилларига амал қилган ҳолда, уларни кейинги жазолардан озод қилиш бўйича эзгу ишлар мунтазам амалга оширилмоқда», — деди Бердимуҳамедов.
Президент афв этилган фуқароларга виждонан меҳнат қилиб, «мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга ўз ҳиссасини қўшишни, эл-юртга сидқидилдан хизмат қилишни, ҳалол меҳнат билан яшашни» тилади.
ℹ️ Бу Сердар Бердимуҳамедов томонидан имзоланган учинчи афв этиш фармонидир. Апрель ойида у Gadyr gijesi («Қадр кечаси») шарафига 514 кишини, сентябрь ойида Туркманистоннинг Мустақиллик куни муносабати билан 829 фуқарони ва 4 нафар хорижликни афв этди.
Туркманистонда миллий байрамлар ва муҳим саналар арафасида мунтазам равишда оммавий амнистия ва афв этиш актлари ўтказиб келинади. Кузатувчиларга кўра, бу нафақат давлат тарғиботига бўлган эҳтиёж, балки ахлоқ тузатиш колонияларида жой йўқлиги билан ҳам изоҳланади. Анъанага 1999 йили мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов асос солган.