Туркманистон ҳукумати инсонпарварлик ёрдами сифатида Тожикистонда ўрта мактаб қуришга қарор қилди. Тегишли фармонни мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов имзолади, дея хабар беради Turkmenistan.ru.
Ҳужжат Туркманистоннинг Тожикистондаги элчихонасига «Довлет гурлушиқ» (Давлат қурилиши) хўжалик жамияти билан 540 ўринли Махтумқули номидаги ўрта мактаб бинолари мажмуасини қуриш бўйича шартнома тузишга рухсат беради. Таълим муассасаси Хатлон вилоятининг Дўсти туманидаги кўплаб туркман диаспораси истиқомат қиладиган «Эргеш Султонов» фермер хўжалигида қурилади.
Тожикистонда мактабни лойиҳалаш ва қуриш бўйича халқаро тендер жорий йилнинг сентябрь ойи бошида Туркманистон ҳукумати томонидан эълон қилинган эди. Қоидаларга кўра, унда ҳамма иштирок этиши мумкин эди. Натижада тендерда давлат қурилиш компанияси ғолиб бўлди.
Қурилиш ишлари шу кунларда бошлашиши лозим, объект 2024 йил декабрь ойида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
ℹ️ Тарихий манбаларга кўра, туркманлар Дўсти ҳудудида тахминан 400 йил аввал пайдо бўлган. Расмий маълумотларга кўра, Хатлон вилоятининг фақат икки туманида 21 минг этник туркман истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Бу жуда ёпиқ жамоа бўлиб, у ерда қадимий туркман урф-одатлари ва маросимлари сақланиб қолинган, камдан-кам ҳолларда тожиклар ёки бошқа халқлар вакиллари билан турмуш қуришади. Шу билан бирга, тожик туркманлари туркман ҳукуматининг «Тожикистонда яшовчи ватандошлари учун чегарани кесиб ўтишни осонлаштирмаётганидан» шикоят қилишади.