Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги гуманитар ёрдамни етказиб берди

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Афғонистонга тўққиз юк машинаси гуманитар ёрдам жўнатди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Юк машиналари карвони 22 декабрь куни Афғонистоннинг Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрига етиб келди. Умумий оғирлиги 170 тоннадан зиёд бўлган инсонпарварлик ёрдами – ун, гуруч, буғдой, ўсимлик ёғи, консерва маҳсулотлари, кийим-кечак ва пойабзалдан иборат.

Гуманитар ёрдамни топшириш маросимида Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Афғонистон томонидан Балх губернатори мулла Муҳаммад Довуд Музаммил ва вилоят маъмурий органлари вакиллари иштирок этди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Аввалги инсонпарварлик ёрдами сентябрь ойи ўрталарида жўнатилган эди. Балхга саккиз турдаги 58 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилганди.

Июн ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўтган йил сентябридан то жорий йил апрелига қадар Тошкент ва БМТ тузилмалари Термиздаги логистика хаби орқали Афғонистонга тўққиз минг тонна гуманитар юк – озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, тўқимачилик маҳсулотлари, буғдой ва кўмир етказиб берганини хабар қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ