Гиннеснинг рекордлар китобига даъвогар туркман шаҳрига Аркадаг номи берилди

Аркадаг шағри. turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистонда қурилаётган Ахал вилоятининг янги маъмурий маркази республиканинг собиқ президенти, Халқ Маслаҳати Миллий Генгеши (Туркманистон парламенти юқори палатаси)нинг амалдаги раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига Аркадаг деб номланди. Бу ҳақда Turkmenportal хабар беради.

Тегишли қарор Миллий Генгеш парламенти (қуйи палатаси) томонидан «Ахал вилояти ва мамлакатнинг бошқа вилоятлари аҳолисининг хоҳиш-истаклари ҳамда жамоат ташкилотлари таклифларини инобатга олган ҳолда» қабул қилинган.

Гурбангули Бердимуҳамедов номи мазкур шаҳарнинг Болаларни соғломлаштириш маркази ва марказий ҳиёбондаги Санъат ёдгорлигига берилди.

Халқаро йилқичилик академиясига Аба Аннаев (собиқ давлат раҳбарининг амакиси), касб-ҳунар педагогик таълим муассасасига эса Бердимуҳамед Аннаев (собиқ президентнинг бобоси) номи берилди.

Аркадаг қурилиши 2019 йил апрель ойида бошланган. Шаҳар икки босқичда қурилмоқда, биринчи босқични декабрь ойида тамомлаш режалаштирилган. Режаларга кўра, у «ақлли шаҳар» бўлиши керак. Бу ерда электр автобуслар ва электромобилларнинг ҳаракати ташкил этилади, қуёш панеллари ва шамол генераторлари пайдо бўлади.

Жорий йилнинг декабрь ойи бошида Гурбангули Бердимуҳамедов республика Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Рашид Мередовга янги шаҳарни Гиннеснинг рекордлар китобига минтақадаги «энг катта, энг ноёб ва гўзал шаҳар» сифатида киритиш масаласини ҳал этиш бўйича топшириқ берганди.

Илгари Ахал вилоятининг маъмурий маркази Ашхобод бўлган, кейин эса у алоҳида маъмурий бирлик таркибига олинган. Ҳозир минтақанинг пойтахти Ашхободдан саккиз километр узоқликда жойлашган Анау шаҳридир.

Эслатиб ўтамиз, 1993 йили Красноводск шаҳри мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Сапармурод Ниёзов шарафига Туркманбоши номига ўзгартирилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ