Эрдўғон: Туркия Европа ва Яқин Шарққа энергия етказиб берувчи марказга айланади

aa.com.tr сайти фотосурати

Туркия Каспий денгизи, Ўрта ер денгизи ва Яқин Шарқнинг энергетик марказига айланади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 26 декабрь куни ҳукумат йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради «Анадолу» агентлиги.

Бундай баёнотга «Фотиҳ» бурғулаш кемаси томонидан 3023 метр чуқурликда жойлашган Чайқум-1 конида 58 миллиард куб метр табиий газ заҳиралари топилгани сабаб бўлди.

Топилган газнинг нархи 1 триллион долларга баҳоланмоқда.

«Маълумотларнинг батафсил таҳлили натижасида аввал эълон қилинган 540 миллиард куб метр захирамиз қайта кўриб чиқилди ва 652 миллиард куб метрга баҳоланмоқда. Қора денгиздаги табиий газ захираларимиз янги кашф этилган конлар ҳисобига 170 миллиард куб метрга ошиб, жами 710 миллиард куб метрга етди», — деди Эрдўғон.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунга қадар Туркияда кунлик нефть қазиб олиш ҳажми 80 минг баррелга етган бўлса, келгуси йилда бу кўрсаткични 100 минг баррелга етказиш режалаштирилган.

«Биз Туркияни Каспий денгизи, Ўрта ер денгизи ва Яқин Шарқнинг энергия етказиб берувчи марказига айлантиришга қарор қилдик. Биз Шарқ ва Ғарбни нафақат Истанбул ва Чаноққалъадаги кўприкларимиз, балки энергетик кўприклари билан ҳам боғлаймиз», — деди Эрдўғон.

Унинг таъкидлашича, Туркияда бунинг учун етарли маблағ бор: унинг ихтиёрида еттита халқаро газ қувури, суюлтирилган табиий газни (СТГ) сақлаш ва қайта газлаштириш учун иккита сузувчи қурилма, иккита СТГ терминали, иккита ер ости газ сақлаш омбори ва табиий газ учун уюшган улгуржи бозор мавжуд.

«Бизнинг асосий мақсадимиз хориж нефти ва табиий газидан бутунлай воз кечиб, Туркиянинг энергетик мустақиллигини эълон қилишдир», — деди Туркия раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ