Санкт-Петербургдаги МДҲ саммити иштирокчиларига 9 та узук совға қилинди. Ижтимоий тармоқлардагилар бунга қандай муносабатда бўлишди?

Борт№1 Telegram-канали фотосурати

Янги йил байрами арафасида Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ давлатларининг норасмий саммити иштирокчиларига Ҳамдўстлик рамзи туширилган узукларни совға қилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» ёзади.

Оқ ва сариқ олтинга ўхшаш металлдан ясалган ҳар бир узукка МДҲ рамзи ва «Янги – 2023 йилингиз билан» табрик сўзлари битилган. Бундан ташқари, унда саммит ўтказилган давлат номи — Россия кўрсатилган.

Тўққиз киши узук соҳиби бўлди: Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко — дарвоқе, у дарҳол совғани тақиб кўрди ва бунга журналистлар эътибор беришди. Владимир Путин ўзи учун битта узук олди.

«Аслида, кейинроқ маълум бўлишича, Александр Лукашенко МДҲнинг ягона етакчиси Владимир Путиннинг Янги йил байрами тилаклари битилган узукни тақиб кўрди. Ҳа, илгари бундай бўлмаганди», — деб ёзади «Коммерсант»нинг махсус мухбири Андрей Колесников саммит ҳақидаги материалида.

Россия раҳбарининг совғаси ижтимоий тармоқларда турли хил реакцияга сабаб бўлди ва улар дарҳол ушбу воқеани Жон Толкиннинг «Узуклар ҳукмдори» эпик романига қиёслашди. Асарда Зулмат ҳукмдори, асосий антаногист Саурон қўлидан тўққизта узукни одамлар яшайдиган салтанат ҳукмдорлари қабул қилишганди.

«Тўққизта узукбу Сауроннинг одамларни ўз томонига жалб этиш учун фойдаланган Қудрат узукларидир, уларни олганлар Назгулга – узук таққан арвоҳларга айланишган, – деб ёзади россиялик сиёсатшунос Константин Калачев ўзининг Телеграм-каналида. — (...) Бу ерда ҳеч қандай оккултизм, рамзийлик йўқ. Бу шунчаки тасодиф! Бу бошқа нарса!».

«Бу нима? Сеҳр-жоду ёрдамида МДҲни қутқариб қолишга уринишми?», — деб ёзади Twitter (Россияда блокланган) фойдаланувчиси Mursheed.

«Ягонаси кимга насиб қилади? (гап Саурон ўзи учун қолдирган ягона Салтанат узуги ҳақида кетмоқдатаҳр. изоҳи) Нима учун Путиннинг ўзи тўққизтасидан бири?», — дея ўртага савол ташлашади Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) фойдаланувчилари.

26 ва 27 декабрь кунлари Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Унинг иштирокчилари Россия раҳбари билан музокаралар ўтказишди, шунингдек, Россия музейига ташриф буюришди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ