«Кампиробод иши» бўйича очлик эълон қилган деярли барча айбланувчилар акцияни тўхтатдилар

Очлик эълон қилганлар. Kloop.kg сайти фотосурати

«Кемпиробод иши» бўйича очлик эълон қилган 17 кишидан 16 нафари акцияни тўхтатди. Бу ҳақда 28 декабрь куни Қирғизистондаги Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказида маълум қилинди.

Фаол Марат Баязов очлик эълон қилишда давом этмоқда.

Очлик акцияси иштирокчилари тергов изоляторидан озод этилишларини ва уларга нисбатан оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганлик бўйича иш уйдирма ва қалбаки экани тан олиниб, тўхтатишни талаб қилишганди.

«Афсуски, мақсадимизга эриша олмадик. Кампир-Обод мамлакатда ким кимлигини тезда кўрсатади. Тарих ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди», деб ёзади намойишчилардан бири, мухолифатчи сиёсатчи Равшан Жеенбеков. У эркин, демократик давлат ва Қирғизистон яхлитлиги учун курашни давом эттиришга ваъда берди.

Эслатиб ўтамиз, Андижон/Кампиробод сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишувга нисбатан Қирғизистон аҳолисининг бир қисми салбий муносабат билдирганди. Сув омбори ҳудудини Ўзбекистонга бериш қароридан норози бўлган қирғиз фаоллари ва сиёсатчилари «Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси»ни туздилар. Шундан сўнг кўплаб қўмита аъзоларининг уйлари тинтув қилинди, 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинди, уларнинг аксарияти икки ойга ҳибсга олинган ҳолда тергов изоляторига жўнатилди. Собиқ депутат Орозайим Нарматова ва фуқаролик фаоли Илгиз Шаменов Россияда ҳибсга олинган ва Қирғизистонга депортация қилинган.

9, 12 ва 13 декабрь кунлари Первомайск туман суди ҳибсга олинганларга нисбатан эҳтиёт чорасини узайтириш масаласини кўриб чиқди ва уларнинг деярли барчасини 20 февралга қадар тергов изоляторида қолдиришга қарор қилди. Бунга жавобан уч ҳуқуқ ҳимоячиси — Перизат Суранова, Клара Сооронқулова ва Рита Карасартова сиёсий очлик эълон қилишди. Кейинчалик, «Кампиробод иши»га алоқадор яна 16 киши акцияга қўшилди, улардан уч нафари — Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров, фаоллар Айданбек Акматов ва Чингиз Капаров тез орада акцияни тўхтатди.

26 ва 27 декабрь кунлари Бишкек шаҳар суди ҳибсга олинганлар адвокатларининг эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқди, бироқ уларнинг бирортасини қаноатлантирмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ