Туркманистон Давлат йўл инспекцияси аёлларга автомашина ҳайдаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар рўйхатига никоҳ гувоҳномасини киритди. Бу ҳақда Turkmen.News хабар беради.
Никоҳ тўғрисидаги гувоҳномадан ташқари, аёллар оила таркиби тўғрисида, иш жойидан маълумотномалар, шунингдек, намунавий ҳужжатлар тўплами – паспорт, тиббий маълумотнома ва ҳоказоларни тақдим этишлари шарт.
Яна бир норасмий шарт шундан иборатки, машина ҳайдамоқчи бўлган аёл 40 ёшдан ошган бўлиши ва унинг номига автомашина расмийлаштирилган бўлиши керак. Аёлларга ишончнома орқали машина ҳайдашга рухсат берилмайди.
Бир неча йил давомида Туркманистон аёллари ҳайдовчилик гувоҳномасини умуман қўлга кирита олмадилар ёки янгилай олмадилар. 2020 йил охирида 40 ёшдан ошган аёллар учун ҳайдовчилик гувоҳномалари янгилана бошланди, кейин оила аъзолари ногирон ёки саратон касаллигига чалинган хорижий элчихона ходималари ёш чегарасисиз автомобиль ҳайдаш имкониятига эга бўлдилар. Кейинчалик ёш чекловлари олиб ташланганлиги ҳақида хабар берилди, лекин ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш билан боғлиқ вазият ўзгармади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркманистонда аёлларга нисбатан тазйиқ ва ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келади. Шу тариқа, бюджет муассасалари ходималарига тирноқ ва киприкларни ўстириш, сочларини бўяш, тилла тақинчоқлар тақиш, танага маҳкам ёпишиб турувчи либослар кийиш тақиқлангани маълум қилинди. 2022 йили Туркманистонда аёлларнинг ахлоқий фазилатлари устида ғамхўрлик қилинди, эр оиласида келиннинг ўзини тутиш қоидалари ҳақида расмий матбуотда мақолалар эълон қилинди. Шу билан бирга, Туркманистон ҳукумати БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларига республикадаги гендер тенглиги ҳақида мунтазам ҳисобот бериб боради.