6 январь куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин Пекинга давлат ташрифи билан келган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди. Учрашувнинг асосий мавзулари икки давлатнинг иқтисодий алоқалари ва хавфсизлиги бўлди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Томонлар «Хитой-Туркманистон муносабатларини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтаришга» келишиб олдилар. Си Цзиньпин мамлакатлар энергетика соҳасида, хусусан, «Хитой-Туркман муносабатларининг тамал тоши» бўлган газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият беришлари кераклигини таъкидлади.
ХХР раҳбари томонлар йирик лойиҳалар бўйича ҳамкорликни жадаллаштириши ва яшил энергия, табиий газ, энергетика технологиялари ва ускуналаридан фойдаланиш каби соҳалардаги ҳамкорлик салоҳиятини ишга тушириши зарурлигини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, Си Цзиньпин разведка идоралари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, «ёвузликнинг уч кучи» – терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш зарурлигини таъкидлади.
Ўз навбатида Сердар Бердимуҳамедов Хитойга илк давлат ташрифидан мамнунлигини билдириб, халқларнинг тарихий ҳамкорлиги рамзи бўлган Ипак йўлини эслади. У Туркманистон Хитой билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга, «Хитойнинг тараққиёт соҳасидаги муваффақиятли тажрибасини ўрганишга ва ундан илҳом олишга», маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади. Туркманистон «Бир камар ва йўл» ва»“Ипак йўлининг тикланиши» логистика лойиҳалари доирасида транспорт соҳасида ҳамкорликни давом эттиради.
Бердимуҳамедов Туркманистон ХХРни миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишини қатъий қўллаб-қувватлашини ва Хитойни бўлиб ташлашга қаратилган ҳар қандай уринишларга қарши эканлигини билдирди.
Туркманистон халқаро ва минтақавий масалаларда Хитой билан «бир хил ёки ўхшаш қарашларга эга», деди Бердимуҳамедов ва Хитой билан ўзаро ёрдамни кучайтириш ва мувофиқлаштиришни яхшилаш устида иш олиб боради. У «C5+1» (Марказий Осиё ва Хитой) ҳамкорлик механизмини юқори баҳолади ва қўллаб-қувватлади.
Музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари Қўшма баёнотни имзоладилар, улар иштирокида турли соҳалардаги ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар тасдиқланди.
Туркманистон тасдиқланган табиий газ захиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Хитойга газ етказиб беришнинг асосий ҳажми Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой трансмиллий газ қувурининг учта линиясига тўғри келади. Тўртинчи шохобчани Туркманистон-Ўзбекистон-Тожикистон-Қирғизистон-Хитой йўналиши бўйлаб ётқизиш режалаштирилган. Туркманистон газини Хитойга етказиб бериш йилига 65 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган. 2021 йили Хитойга 34 миллиард куб метрга яқин туркман гази етказиб берилган.