Қирғизистон мусулмонлари учун ҳаж квотаси икки баравар оширилди

Today.kg сайти фотосурати

Саудия Арабистони (СА) ҳукумати қирғизистонликлар учун 2023 йилги Ҳаж квотасини 6000 ўрингача оширди. Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

СА Ҳаж вазирлиги COVID-19 каби юқумли касалликлар авж олган тақдирда квоталар қисқартирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Ўтган йили қирғизистонликлар учун квота 2766 ўринни ташкил қилган эди. Ҳозирда республиканинг 4313 нафар фуқароси Ҳажга бориш учун электрон навбатга рўйхатдан ўтган.

2022 йили Саудия Арабистони ҳукумати зиёратчиларга бир нечта шартларни қўйганди: одамлар 65 ёшдан катта бўлмаган, COVID-19 га қарши эмланган ва ПCР тести салбий натижага эга бўлиши шарт эди. Бу йилги шартлари ҳали маълум эмас. Ҳаж июн ьойининг охирида бошланади.

Аввалроқ ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси йилига 24 минг нафарга кўтарилиши (2022 йили бу рақам 10 865 тани ташкил этганди) маълум бўлганди. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун янги квоталар ҳақида маълумот ҳозирча мавжуд эмас. Россияликлар учун квота 25 мингтагача оширилди, бу эса ҳажмни пандемиядан олдинги даражага қайтарди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ