Эрон собиқ президентининг қизи ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этганликда айбланган

Фаиза Ҳошимий. Mehr сайти фотосурати

Эронда собиқ президент Али Акбар Ҳошимий Рафсанжонийнинг қизи Фаиза Ҳошимий ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Эроннинг Mehr агентлиги хабар берди.

Собиқ президент қизининг адвокати Нед Шамс Twitterдаги саҳифасида «Фаиза Ҳошимий хоним дастлабки ҳукм бўйича ҳибсга олинганидан кейин беш йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди», деб ёзди. У суд қарорига изоҳ беришдан бош тортган ва тез орада ҳукм устидан шикоят қилинишини айтди.

Ҳошимий тартибсизликларни қўзғатганликда айбланиб, сентябрь ойида, ўлими Ислом Республикасида бир неча ойлик ҳукуматга қарши намойишларга сабаб бўлган 22 ёшли Маҳса Амини ўлимидан бир неча кун ўтиб ҳибсга олинган.

Ноябрь ойида Эрон полицияси эронлик таниқли актрисалар Хенгаме Ғазианий ва Катаюн Риаҳийни намойишларни қўллаб-қувватлаганликлари учун ҳибсга олганди. Шу билан бирга, Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жияни Фарида Мородханий дунё ҳамжамиятини Эрон ҳукумати билан барча алоқаларни узишга чақиргани учун қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, Эронда ҳукуматга қарши оммавий намойишлар ўтган йил сентябрь ўрталарида бошланган эди. Бунга сабаб 22 ёшли Маҳса Амини исмли қизнинг ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг вафот этгани бўлганди (Ислом Республикасида барча аёллар жамоат жойларида ҳижоб ўрашлари шарт). Курдистон вилоятида яшовчи Амини 13 сентябрь куни Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан бир неча соат ўтиб кома ҳолатига тушиб қолган. Тез орада у вафот этади. Ҳибсга олинган гувоҳлар полицияни қизни калтаклаганликда айблади. Полиция қизнинг ўлимини бахтсиз ҳодиса дея изоҳлаган.

Намойишлар дастлаб Аминининг туғилган шаҳри Сакезда 17 сентябрь дафн маросимидан кейин бошланган. Кейинчалик улар Ислом Республикасининг барча йирик шаҳарларига тарқалган. Ноябрь ойининг охирига келиб, йирик шаҳарларда норозилик намойишлари анча пасайган. Айни пайтда Эронда вазият нисбатан тинч, намойишчилар ҳижоб кийиш мажбурийлигини бекор қилишга, ахлоқ полиция патруллари сонини бир неча бор камайтиришга эриша олдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ