Толиблар Афғонистонда гўзаллик салонлари ёпилгани ҳақидаги хабарларни рад этишди

Муҳаммад Суҳайл Шохин. Islamnews.ru сайти фотосурати

2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати гўзаллик салонларини ёпишга қарор қилгани ҳақидаги ОАВ хабарлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда «Толибон» ҳаракатининг Доҳадаги сиёсий идораси раҳбари Муҳаммад Суҳайл Шохин маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

«Бу ҳақиқатга тўғри келмайди, тегишли органлар бу даъвони рад этади», — деган Шохин.

Аввалроқ, 10 январь куни Саудиянинг «Ал-Арабия» телеканали ўз манбаларига таяниб, толиблар раҳбарияти Афғонистонда аёллар учун гўзаллик салонларини ёпишга буйруқ бергани ҳақида хабар берганди. Телеканал маълумотларига кўра, Афғонистоннинг «Толибон» томонидан тузилган муваққат ҳукумати ўн кунлик муддат белгилаган, шундан сўнг салонлар ўз фаолиятини тўхтатиши керак. Бундан ташқари, радикаллар қизларнинг савдо марказларида ишлашини ҳам тақиқлагани айтилган.

2021 йили ҳокимиятни қўлга киритган толиблар исломий қадриятларга мос келмайдиган нарсаларга чекловлар жорий эта бошладилар. Хусусан, улар аёлларнинг ишлашини кескин чекладилар, актрисалар иштирокидаги драматик фильмлар ва дастурлар тақиқланди, 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабларга бориши ҳам тақиқланди.

Ўтган йил декабрь ойида «Толибон» Афғонистон университетларида қизларнинг таълим олишини тўхтатди, аёл профессор-ўқитувчиларнинг олий ўқув юртларида дарс бериши тақиқланди, хотин-қизларнинг барча миллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотларида ишлаши чекланди. Ушбу қарорлар бир қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан кескин танқидга учради.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ