Аркадаг Туркманистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва бир палатали парламентни қайта тиклашни таклиф қилди

Гурбангули Бердимуҳамедов. tdh.gov.tm сайти фотосурати

Туркманистон Халқ маслаҳати (парламентнинг юқори палатаси) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов республика Конституциясини ўзгартириш ва бир палатали Мажлис парламентига қайтариш, Халқ маслаҳатини олий вакиллик органига айлантиришни таклиф қилди. Мазкур орган 2020 йили Конституцияга ўзгариш киритишдан аввал мавжуд эди. Бу ҳақда «Туркманистон: олтин аср» нашри хабар берди.

Аркадаг ўз ташаббусини 11 январь куни Миллий Генгеш (парламент) ҳар икки палата аъзоларининг қўшма йиғилишида илгари сурди. У бу таклифни «қонун чиқарувчи ҳокимиятни замоннинг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурати» билан изоҳлади. Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича тегишли комиссия тузилади.

Катта Бердимуҳамедов режалаштирганидек, Халқ маслаҳати таркибига ҳозирги Халқ маслаҳати раиси (ўзи), мамлакат президенти (унинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов), Мажлис раиси ва депутатлари, Олий суд раиси, Хавфсизлик Кенгаши котиби, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, Омбудсман, Бош прокурор, ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари киритилади.

Қайта тикланган орган Туркманистон Конституциясига ва давлатнинг ташқи ва ички сиёсати йўналишларига киритилган ўзгартишларни тасдиқлаш, мамлакатни ривожлантириш дастурларини тасдиқлаш, хавфсизлик ва тинчлик масалаларини кўриб чиқиш, шунингдек «Туркманистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш» ҳуқуқига эга бўлади.

Бердимуҳамедовнинг нутқи сўнгида қолган йиғилиш иштирокчиларига сўзга чиқишга рухсат берилди.

Сўзга чиққан барча парламент аъзолари Аркадаг ғоясини «тўлиқ қўллаб-қувватладилар».

Парламентнинг ҳар икки палатаси аъзоларининг навбатдаги йиғилиши 21 январь куни бўлиб ўтади. Унда, афтидан, Конституцияга навбатдаги ўзгартиришлар киритиш зарурлиги ҳақида гапирадиган жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

2020 йил сентябрида ўтказилган парламент ислоҳотидан сўнг Халқ маслаҳати Миллий Генгешнинг янги палатасига айланди. Биринчи сайловлар 2021 йил 28 мартда бўлиб ўтди. Эртаси куни Туркманистоннинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Халқ Маслахати депутатлигига сайлангани маълум бўлди, гарчи унинг исми илгари эълон қилинган номзодлар рўйхатида бўлмаган бўлсада. Бундан ташқари, Конституциянинг 73-моддасига кўра, амалдаги президент Миллий Генгеш аъзоси ёки депутати бўлиши мумкин эмас, 87-модда эса Халқ маслаҳати аъзолари ва Межлис депутатларига бир вақтнинг ўзида ҳукумат аъзоси лавозимини эгаллашни тақиқлайди.

Қарама=қаршилик 2022 йил март ойида Туркманистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Сердар Бердимуҳамедов ғалаба қозонганидан сўнг ҳал бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ