Қирғизистонда собиқ президент Асқар Акаевга нисбатан жиноий иш тўхтатилди

Аскар Акаев. iz.ru сайти фотосурати

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари республиканинг собиқ президенти Асқар Акаевга нисбатан Қумтор конидаги коррупция бўйича қўзғатилган жиноят ишини тўхтатди. Бу ҳақда 24.kg агентлиги Қирғизистон Бош прокуратурасининг халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Асилбек Акматовга таяниб хабар берди.

«Асқар Акаевга нисбатан жиноий таъқиб, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича даъво муддати ўтгани муносабати билан тугатилди», — деди Акматов.

Бош прокуратура вакили Акаевга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда иштирок этганлик, 1992 йили «Камеcо» компанияси билан бош шартнома тузиш ва 2003 йилда Қумтор лойиҳасини қайта қуриш эпизодларига бепарволик қилгани айби қўйилганини эслатди.

2021 йил августида Акаев Қирғизистонга ташриф буюриб, «Қумтор» иши бўйича тергов билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўрсатма берганидан сўнг, у ўз ватандошларига видеомурожаат қилиб, «Қумтор» лойиҳаси бўйича қарор қабул қилишдаги хатоларини тан олди ва улар учун узр сўради. Шу билан бирга, Акаев асосий айб «жиноий хатолар»га йўл қўйган ҳукуматда эканлигини ва мамлакат манфаатларини ҳисобга олишига ишониб, у ўз қўл остидагиларга «кўр-кўрона ишониб» юрганини таъкидлади.

14 декабрь куни Бишкекка етиб келган Акаев махсус хизматлар томонидан сўроққа тутилган ва 20 декабрь куни у Москвага жўнаб кетган. Россия Федерацияси пойтахтига қайтиб келгач, собиқ президент «Московский комсомолец» газетасига берган интервьюсида тергов унга қўйилган барча айбловларни олиб ташлаганини айтган, аммо эртаси куни «Қумтор иши» бўйича унга янги айблов қўйилгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ