Афғонистонда ҳавонинг кескин пасайиши ва қор туфайли камида 20 киши ҳалок бўлди

Афғонистонда ёққан қор. TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистоннинг турли вилоятларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва қор ёғиши оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди TOLOnews телеканали 16 январь куни.

Ғарбий Ҳиротдаги вилоят касалхонаси маълумотларига кўра, камида 70 киши гипотермия (тана ҳароратининг тушиб кетиши) билан касалхонага ётқизилган, совуқ ҳавода кўчада қолган тўрт нафар наркоман вафот этган.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Бадғис вилоятида камида беш киши совуқдан ҳалок бўлган. «Бир чўпон ва тўрт бола кўчада совуқ ҳавода қолиб кетгани боис вафот этди», — дейди Бадғис губернатори матбуот котиби Аҳмад Ҳанзала (Ahmad Hanzala).

Покистон билан чегарадош Хост вилоятида беш киши, шимолий Фарёб вилоятида икки киши, Жузжон вилоятида икки киши ҳам атмосфера ҳароратининг кескин пасайиши туфайли ҳалок бўлган.

Бадғис ва бошқа вилоятларда камида 4 минг қорамол музлаб ўлгани айтилади.

Совуқ ҳаво туфайли бир қанча вилоятларда минглаб гектар деҳқончилик ерлари ва юзлаб иссиқхоналар зарар кўрган.

Қўшимча қиламиз, ҳаво совуқ бўлгани учун афғонлар иситиш учун газ плиталари ва кўмирдан кенг фойдаланишади, бу ҳам ўлим сабабларидан бирига айланган. ОАВ хабарларига кўра, сўнгги 10 кун ичида Афғонистоннинг турли вилоятларида камида 10 киши ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлган. Ўлим сабаби иситиш ускуналаридаги нуқсонлар бўлиб, уларда кўмир ва газ ишлатилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ