Тожикистонлик мутахассис Игорь Черевченко 16 январь куни Душанбенинг «Истиқлол» клуби билан шартнома имзолайди. Бу ҳақда мураббий блогер Иван Карповга гапириб берган.
«Бошқа вариантлар ҳам бор эди, лекин мен Тожикистонни афзал кўрдим», — дейди Черевченко Карпов билан суҳбатда.
Блогернинг ёзишича, Черевченкога Саудия Арабистони қизиққан, аммо мураббий Тожикистонни танлашга қарор қилган.
Черевченко 2022 йил июлида Виталий Левченко кетганидан кейин жамоа мураббийи бўлиб ишлаган Алишер Тўхтаев ўрнини эгаллайди.
Игорь Черевченко Тожикистон футбол мактаби битирувчиси ҳисобланади. Футболчилик фаолиятини Душанбенинг «ЦСКА-Помир» клубида бошлаган, у ерда икки мавсум (1992 йилдан 1994 йилгача) ўтказган, чемпион ва мамлакат кубоги ғолиби бўлган. 1995 йилда у Россияга кўчиб ўтади, Калуга вилоятининг «Индустрия» жамоасида ўйнай бошлайди. 1996 йилдан 2001 йилгача у Москванинг «Локомотив» жамоасида тўп сурган, у билан тўрт марта Россия кубоги ва уч марта чемпионлик кумуш медалини қўлга киритган. 2002 йили у Москванинг «Торпедо» ва «Владикавказ Алания» клубларида ўйнаган. Худди шу йили у футболчилик фаолиятини якунлади. Тожикистон терма жамоаси сафида 8 та ўйин ўтказган.
2008 йилдан 2016 йилгача Черевченко Москванинг «Локомотив» клубида турли мураббийлик лавозимларида ишлаган. 2017 йили Калининграднинг «Балтика» клубини бошқарган, 2018 йили «Арсенал»ни қабул қилиб, жамоа билан олтинчи ўринни эгаллаган ва Европа лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган. 2020 йилнинг ёзида жамоани тарк этиб, «Химки»ни бошқарган. У 2021 йилнинг кузида клуб билан шартномасини бекор қилган, бироқ бир ойдан кейин Черевченкони ортга чақиришган ва у 2022 йилнинг февралигача «Химки»да ишлаган.