Бир қанча нодавлат ташкилотлар аёлларнинг Афғонистондаги лойиҳаларида иштирок этишига эриша олдилар

CARE ХАЛҚАРО НОҲУКУМАТ ТАШКИЛОТИ ЛОГОТИПИ

Бир қанча халқаро ташкилотлар Афғонистондаги «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритиб, аёлларнинг ноҳукумат ташкилотларда ишлашини тақиқлаганидан сўнг тўхтаб қолган лойиҳаларининг бир қисмини қайтадан тиклади. Бу ҳақда «Ал Жазира» телеканали хабар берди.

Халқаро Қутқарув Қўмитаси (IRC), Save the Children ва CARE шу ҳафтада толиблар ушбу лойиҳаларда ишлаётган афғон аёллари хавфсизлигини кафолатлаганидан сўнг, асосан соғлиқни сақлаш ва овқатланиш соҳаларида баъзи лойиҳаларни қайта бошлаганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойининг иккинчи ярмида толиблар қизларнинг университетларда ўқишини, шунингдек, афғон аёлларининг нодавлат ташкилотларда ишлашини тақиқловчи фармон чиқарган эди.

Радикалларнинг қарори халқаро ҳамжамиятнинг салбий реакцияга сабаб бўлди. Барча халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари афғонистонда аёллар иштирок этадиган лойиҳаларини қисқартирганди. Кўпгина нодавлат ташкилотлар вакиллари маҳаллий жамиятнинг консерватив табиатини, масалан, эркак шифокорнинг беморларни текширишига йўл қўймаслигини инобатга олган ҳолда, афғон аёллари билан ишлаш учун аёл ходималарга эҳтиёж борлигини айтишди.

«Ўтган ҳафта Соғлиқни сақлаш вазирлиги [толиблар ҳукуматининг] тиббиётдаги аёллар ва офисда ёрдамчи лавозимларда ишлайдиганлар ишни қайта бошлашлари мумкинлигига кафолат берди. Шунга асосланиб, IRC тўрт вилоятдаги стационар ва кўчма тиббий гуруҳларимиз орқали соғлиқни сақлаш ва овқатланиш лойиҳаларини қайта бошлади», — деди IRC вакили Нэнси Дент (Nancy Dent).

Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котибининг Reuters агентлигига маълум қилишича, вазирлик ҳеч қандай нодавлат ташкилоти фаолиятига аралашмаган. «Тушунмовчилик туфайли улар тиббий хизматларни тўхтатдилар ва энди уларни қайтадан тикладилар», — деди у ахборот агентлигига.

Save the Children ташкилоти толиблардан аёл ишчилар маҳаллий ҳокимият билан боғланмасдан ишлашлари мумкинлигига кафолат олгач, ташкилот соғлиқни сақлаш, овқатланиш ва таълим соҳасидаги баъзи лойиҳаларини қайта бошлаганини айтди.

«Биз тегишли [«Толибон»] органларидан аёл ходимларимиз хавфсиз ва ҳеч қандай тўсиқсиз ишлашлари мумкинлиги ҳақида аниқ ва ишончли кафолат олдик. Бироқ, [афғон аёлларининг нодавлат ташкилотларда ишлашига] кенг қамровли тақиқ ҳали ҳам амалда бўлганлиги сабабли, бизнинг аёл ҳамкасбларимиз хавфсиз ишлашига ҳеч қандай кафолат йўқ бошқа фаолиятларимиз тўхтатиб қўйилган», дейилади», — дейилади Save the Children баёнотида.

2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимият қўлга киритилгач, толиблар изчил равишда афғон аёлларига нисбатан камситиш сиёсатини олиб борганини таъкидлаш жоиз (хориж аёллари бундан мустасно). Хусусан, ўтган йил баҳорида радикаллар 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабда ўқишини тақиқлаган эди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ