Туркманистон Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришни тиклади

"Галканиш" газ кони. tmcars.info сайти фотосурати

Ўтган ҳафта охирида Туркманистон Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришни тиклади. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

21 январдан Туркманистон Ўзбекистонга кунига 4,8 млн куб метр газ етказиб беришни бошлаб, бугунги кунда бу кўрсаткични 12,6 млн куб метрга етказди.

Аста-секин етказиб беришнинг кунлик ҳажми 16 млн куб метргача ошади — кескин совуқ тушишидан олдин шунча газ етказиб берилган.

Ўзбекистонга туркман газини импорт қилиш 12 январь куни техник сабабларга кўра тўхтатилган эди: қаттиқ совуқ туфайли Туркманистондаги «Галканиш» газ конденсати конининг ичидаги коммуникацияларида гидрат ҳосил бўлганди.

Ўтган йил декабрь ойида Тошкент Ашхобод билан қишки мавсумда қўшимча 1,5 миллиард куб метр табиий газ импорт қилиш бўйича шартнома имзолаган эди. Бу импортнинг кунлик ҳажмини 15 миллиондан 35 миллион куб метргача ошириш ва газ тақчиллигини қоплаш имконини беради. Бундан ташқари, «Туркманэнерго» корпорациясидан кунлик электр энергияси импорти 17-18 миллион кВт/соатдан 20-21 миллион кВт/соатга оширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ