Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26—27-январь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан амалга оширилади. Бишкекда давлат раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтади.
«Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларининг кенг доираси ўрин олган.
Ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади», —дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Музокаралар якунлари бўйича қўшма ҳужжатлар пакети қабул қилинади.
Дастлаб Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи 10 декабрга мўлжалланган эди, аммо кейинроқ қолдирилди.