Туркманистонда Амударёдаги музларни портлатиш натижасида кўприк зарар кўрган

Халач – Хўжамбаз кўприги. hronikatm.com сайти фотосурати

Туркманистонда Амударёдаги музларни портлатиш натижасида муз оқими Аму-Бухоро канали орқали Ўзбекистонга сув тортувчи насос станцияси ва понтон кўпригига шикаст етказган. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар беради.

Аномал совуқ натижасида Амударёда қалин муз қатлами пайдо бўлиши ва у соҳил бўйидаги аҳоли пункларига сув тошқини хавфини яратгани боис музларни портлатишга қарор қилинган.

Туркманистоннинг Лебап вилоятида фавқулодда вазият режасини ишлаб чиқиш учун гуруҳ тузилган ва унинг таркибига вилоят ҳокимлиги, маҳаллий фавқулодда вазиятлар ва транспорт-коммуникация комплекси фуқаролик мудофааси бошқармаси, «Türkmendeňizderýaýollary» (Туркман денгиз ва дарё йўллари) ва ҳарбий қисмнинг понтон-кўприк бригадаси киритилган.

Дарёда сув оқимини яхшилаш мақсадида 18-21 январь кунлари Керки ва Гарабекевул этраплари (туманлари) ҳудудларида дарёдаги музларни портлатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бироқ, олиб борилган ишлар натижасида дарё ўзанида улкан муз бўлакларидан тирбандлик ҳосил бўлган ва у Халач-Хўжамбаз понтон кўпригининг ўрта қисмини йиртиб ташлаган. Муз оқими понтонни етти километрга оқизиб кетган ва у Амударёнинг чап қирғоғига тақалиб қолган. Бундан ташқари, муз парчалари Ўзбекистондаги Аму-Бухоро каналига сув тортадиган насос станциясининг биринчи кўтаргичидаги металл қувурни узиб ташлаган.

Ҳарбийлар музни портлатиш ишларининг муваффақиятсиз якунланганини портловчи моддаларнинг яроқлилик муддати ўтгани билан изоҳлаб, ўзларини оқлашган.

Ушбу ҳодисадан сўнг Амударё бўйлаб барча понтон кўприкларининг тўртта марказий қисмини олиб ташлашга қарор қилинган. Кўприклар 18-22 январь кунлари ёпилган, маҳаллий ҳокимият ва полиция чўпонлардан қўйларини дарёдан узоқроққа ҳайдашни талаб қилиб, чорва моллари нобуд бўлган тақдирда, давлат қорамолини боқаётган шахсий пода эгалари ёки ижарачилар жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.

Амударёнинг аномал совуқлар туфайли музлаши охирги марта 2008 йили содир бўлган. Ўшанда ҳам бу ҳолат понтон кўпригининг вайрон бўлиши ва аҳоли пунктлари учун сув тошқини хавфини яратган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ