Туркиянинг Бишкек ва Душанбедаги элчихоналари зилзила қурбонлари учун инсонпарварлик ёрдами йиғилаётганини маълум қилди

hurimg.com сайти фотосурати

Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси 6 февралдаги зилзила қурбонлари учун инсонпарварлик ёрдами йиғилаётганини маълум қилди.

Эълонда энг керакли нарсалар рўйхати келтирилган: қишки кийим, ички кийим, консерва, болалар овқатлари, шахсий гигиена воситалари, тагликлар. Шунингдек, чодирлар, кўрпа-тўшаклар, матраслар, ухлаш учун қоп кўрпачалар, чироқлар, термослар, қувватлантирувчи ускуналар ҳам талаб қилинади.

Нарсалар нималардан иборатлиги кўрсатилган ҳолда шаффоф пакетларга ўраш ва уларни Бишкек шаҳри Московская кўчаси, 89 уйга элтиб бериш сўралади. «Буюмлар иложи борича янги ва қишки шароитга мос бўлиши мақсадга мувофиқ», — дейилади эълонда.

Худди шундай илтимос билан, «Азия-Плюс»нинг ёзишича, Туркиянинг Душанбедаги элчихонаси тожик халқига мурожаат қилган. Унинг талаб қилинадиган нарсалар рўйхатига кўрпа-тўшак, чодирлар, чўнтак иситиш ёстиқчалари, ухлаш учун коп кўрпачалар, қишки кийим-кечак, рецептсиз дори-дармонлар киритилган.

Йиғилган ёрдамни «Турк Ҳаво Йўллари» бортларида зудлик билан Туркияга жўнатиш режалаштирилган.

Ўз навбатида Қирғизистон ҳукумати Туркиядаги зилзила қурбонларига ёрдам маблағлари йиғиш учун ягона депозит ҳисобварағини очган. Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Қирғизистон Республикаси президенти маъмурияти раҳбарияти ва ходимлари бир кунлик иш ҳақини ушбу ҳисоб рақамига ўтказган.

Туркияда 6 февраль куни эрталаб бир неча соатлик фарқ билан 7,8 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Зилзила эпимаркази мамлакат жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш шаҳрида жойлашган. Қўшни Суриянинг шимолий қисми ҳам жабр кўрган. 1500 дан ортиқ уйлар, жумладан, кўп қаватли уйлар вайрон бўлган. 7 февраль куни эрталаб қурбонлар сони 4300 кишидан ошган, 15 мингдан ортиқ киши жабрланганлар сифатида қайд этилган. Туркияда ҳалок бўлганлар учун етти кунлик миллий мотам эълон қилинди.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Туркияга қутқарув гуруҳларини жўнатди, Тожикистон ҳам яқин орада шундай қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ