Тоғли Бадахшонда юз берган қор кўчкилари бир неча кишининг ҳаётига зомин бўлди

Хоруғдаги қор кўчкиси оқибатлари. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) маъмурий марказидаги Шош-Хоруғ мавзесида 15 февраль куни эрталаб қор кўчкиси оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда «Азия-Плюс» нашри ўз манбасига таяниб хабар беради.

Унга кўра, камида 4-5 киши ҳалок бўлган. «Улардан икки нафари шифохонага олиб кетилаётганда вафот этган. Эрталабдан бутун Хоруғда свет ва сув йўқ», — дея манба сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

Айни пайтда Озоди радиоси (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) республика Фавқулодда вазиятлар қўмитаси (ФВҚ) матбуот хизматига таяниб, қор кўчкиси остида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Қўмита матбуот котиби Умеда Юсуфининг айтишича, ҳодиса Хоруғ шаҳрининг Носири Хусрав кўчасида содир бўлган, ҳозирда қутқарувчилар воқеа жойида ишлашмоқда.

«Сўнгги вақтга қадар қор кўчкиси остидан етти киши, жумладан, беш ёшли бола чиқарилди. Икки киши вафот этган. Қидирув давом этмоқда», — дейди Юсуфи.

Кўчки электр тармоқларига ҳам шикаст етказган ва Хоруғни электрсиз қолдирган, дейди у.

ФВҚ веб-сайтида қор кўчкиси оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.

PAMIR NEW''Z'' Телеграм-канала хабарига кўра, Тоғли Бадахшоннинг Мурғоб туманида туғилган уч нафар талаба ҳалок бўлган. Камида 12 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

«Турар-жой бинолари ва шаҳар инфратузилмаси вайрон бўлгани ҳақида хабарлар бор. Ўнлаб одамлар бошпанасиз қолган. Қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли қор вайроналари остида қолган одамларни қидиришда давом этмоқда. Вазият ёғишда давом этаётган қор туфайли мураккаблашган», — деб ёзади Телеграм-канал.

Бундан ташқари, кеча ТБМВда 10 нафар йўловчиси бўлган микроавтобусни қор кўчкиси босиб қолган, уларнинг барчаси омон қолган, бироқ турли тан жароҳатлари олган. Қор кўчкиси «Хоруғ-Роштқалъа» автомобиль йўлининг Шоди қишлоғи яқинида жойлашган микроавтобусни қоплаган, сўнг у беш метрлик жарга ағдарилиб, Шохдара дарёси қирғоқига қўлаган. Барча йўловчилар (саккиз эркак ва икки аёл) воқеа жойига ўз вақтида етиб келган ФВҚ ходимлари томонидан қутқарилган.

Қўмита маълумотларига кўра, кеча Тоғли Бадахшон ҳудудига тўққизта, бир кун аввал эса еттита қор кўчкиси бўлган.

Минтақада қор кўчкиси ва тош тушлар қулаши хавфи 17 февралгача сақланиб қолади. ФВҚ қутқарув гуруҳлари Душанбе-Хўжанд автомобиль йўли ва бошқа қийин сирпанчиқ йўлларда кечаю кундуз навбатчиликни ташкил этишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ