Маҳкумларнинг жазони ўташ давридаги меҳнати иш стажига киритилади

Advice.uz сайти фотосурати

Маҳкумларнинг жазони ўташ даврида бажарадиган иши пенсия тайинлашда иш стажига қўшилади. Республика президенти Шавкат Мирзиёев 15 февраль куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Бундан ташқари, «Жиноят-ижроия кодекси»га маҳкумнинг ахлоқ тузатиш йўлига ўтганлигини аниқлаш, хусусан, унинг меҳнатга қанчалик виждонан муносабатда бўлиши, маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиши, белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя этиши ёки йўқлигини аниқлаш мезонлари киритилди.

Ҳар чоракда махсус комиссия маҳкумларнинг хулқ-атворини ушбу мезонларни ҳисобга олган ҳолда баҳолайди ва уларнинг шахсий ишига тегишли маълумотларни киритади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари 2022 йил август ойида пенсия тайинлаш учун ариза беришда одамларнинг маҳкумликда бўлган даврини хизмат стажига киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилганди.

Мутахассислар мазкур нормаларнинг тасдиқланиши жазони ўташ шароитларининг яхшиланишига, халқаро стандартларга янада яқинлашишига олиб келишини таъкидлайдилар.

Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаган маҳкумларга давлат томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида (тахминан 800 АҚШ доллари) субсидиялар берилади ва бу субсидиялар ўз бизнесини яратиш ва ривожлантиришга сарфланади. Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, бундай чора-тадбирлар моддий эҳтиёж туфайли яна жиноят содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 54 та ахлоқ тузатиш колонияси, жумладан, 18 таси ёпиқ, 25 таси турар-жой колонияси ва 11 таси тергов ҳибсхонаси мавжуд.

2022 йил ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Хавфсизлик қўмитасининг маълум қилишича, республикада 26 мингдан ортиқ маҳкум бор, улардан 18 минг нафари турли типдаги жазони ижро этиш муассасаларида, яна 8 минг нафари колонияларда сақланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ