Қирғизистон ҳукумати Суриядан 59 кишини ватанига қайтарди

Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

16 февраль куни махсус самолёт Суриядаги можаро ҳудудидан 59 кишини – 18 аёл ва 41 болани Бишкекка етказган. Бу ҳақда Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Репатриантларни Қирғизистон президенти маъмуриятининг Вазият маркази директори Жўлдошбек Мамбеталиев, Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазири Худойберген Базарбоев, Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Қиличбек Абишев, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев кутиб олган.

Ташқи ишлар вазирлигининг тушунтиришича репатриация Қирғизистон президенти Садир Жапаров топшириғига биноан «Айкол» («Саҳоват») гуманитар миссияси доирасида амалга оширилган. Мазкур қирғизистонликлар Суриянинг расмий Дамашқ назорати остида бўлмаган шимоли-шарқий вилоятларидаги фильтрация лагерларидан қутқариб олинган.

Ватанга қайтарилган болалар тинч ва хавфсиз муҳитда ҳаётга мослашиши учун «Олтин болалик» реабилитация марказига жойлаштирилади.

«Ушбу тадбирни амалга оширишда Америка Қўшма Штатлари ҳукумати, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси томонидан алоҳида ёрдам ва кўмак кўрсатилди», — дея таъкидлайди Меҳнат вазирлиги.

Америка элчихонаси Қўшма Штатлар аёллар ва болаларни ташиш учун самолёт ажратгани ҳамда «Олтин болалик» марказига қишки кийим-кечак, ўйинчоқлар ва кўрпа-тўшаклар кўринишида гуманитар ёрдам кўрсатганини маълум қилди.

«Қўшма Штатлар Қирғизистон ҳукуматининг ўз фуқароларини ватанига қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларига логистик ёрдам кўрсатганидан фахрланади. Ушбу саъй-ҳаракатларда биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси каби халқаро ҳамкорларга қўшилдик», — дейилади дипмиссия хабарида.

ЮНИCEФнинг Қирғизистондаги вакили Кристин Жольм Суриядан болалар ва аёлларнинг ватанига қайтарилишини олқишлади.

«ЮНИСEФ Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўйича ўз мажбуриятларини бажариш ва репатриация қилинган болаларнинг имкон қадар тезроқ реинтеграциялашувига кўмаклашиш, уларга биринчи навбатда ҳимояга муҳтож жабрдийдалар сифатида муносабатда бўлиш мажбуриятини юқори баҳолайди ва улар билан боғлиқ ҳар қандай қарорда уларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда. Бу барча болалар учун имкон қадар тезроқ оилавий муҳитни таъминлаш ва улар бошқа ҳар қандай бола каби нормал болаликка қайтишлари учун тенг таълим имкониятларини таъминлашни ўз ичига олади», — деди Жольм.

Унинг қўшимча қилишича, ЮНИCEФ репатриация қилинган болаларнинг реинтеграциясига ёрдам беради ва оммавий ахборот воситаларини «ҳар қандай камситиш ёки стигма (яккалаш, тамға уриш-тарж.изоҳи)га йўл қўймаслик учун уларнинг шахсий ҳаётини ҳурмат қилган ҳолда» уларни ҳимоя қилишга чақиради.

«Айкол» операцияси Қирғизистонликларни Яқин Шарқ давлатларидан ватанига қайтариш бўйича иккинчи тадбир ҳисобланади. 2021 йил март ойида «Мээрим» операцияси доирасида Ироқдан 79 нафар қирғизистонлик бола қайтарилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди