Бишкек суди ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ўлими бўйича терговчининг ҳаракатда бўлмаганини тасдиқлади

Азимжон Асқаров. Hrw.org сайти фотосурати

Бишкекнинг Первомайский туман суди ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ўлими бўйича терговчининг ҳаракатда бўлмаганини тасдиқлади. Бу ҳақда 24.Kg колонияда вафот этган Асқаров оиласининг адвокатларига таяниб хабар берди.

Уларнинг таъкидлашича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) терговчиси устидан яна шикоят аризаси берилган. Суд тергов тўғри ўтказилмаганини тасдиқлаб, бунга рухсат берган. Адвокат Бактибек Автандил уулу Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси суд қарорини бажармаётгани, тергов ҳаракатлари қайта бошланмаганини таъкидлади.

2010 йили Қирғизистон жанубидаги можаролар чоғида тартибсизликлар уюштириш ва полиция ходимини ўлдиришда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаров 2020 йил 25 июль куни 47-сонли колония касалхонасида вафот этди. Ўлим сабаби икки томонлама пневмония туфайли ўткир нафас этишмовчилиги билан изоҳланган.

Асқаров ўлимидан бир неча кун олдин унинг қариндошлари, адвокати маҳкумнинг оғир касал эканини хабар қилишган. Жазони ижро этиш давлат хизмати (ГСИН) дастлаб ушбу маълумотни инкор этган, кейин омбудсменнинг қамоққа ташрифи чоғида маҳбусда ҳақиқатан COVID-19 (Асқаровни коронавирусга қарши тестдан ўтказишмаган) аломатлари борлиги аниқланган.

Асқаров вафотидан сўнг ГСИН маҳкумнинг даволанишдан бош тортгани, кислород ниқобини улоқтириб ташлаганини иддао қилган. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиси Аида Байжуманова маҳкумнинг 11 июлда ёзган охирги мактубини эълон қилади. Унда Асқаров яшашни хоҳлашини, сиёсат билан қизиқишини, унга китоблар келтиришларини сўраб ёзган эди.

Асқаровнинг ўлимига доир тергов ишлари деярли бир йил давом этган. Натижада ГСИН раҳбарияти Асқаровнинг COVID-19 асоратидан вафот этганини тан олиб, унга нисбатан турмада ёмон муносабатда бўлганлик ҳолатларини рад этган. Раҳбарият мамлакатдаги оғир эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, маҳбуснинг ўлими учун жавобгарликни зиммасига ололмаслигини таъкидлаган.

«Бир Дуйно» ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти ушбу қарор ноқонуний эканини Бишкек шаҳри Свердлов туман судида исботлай олган. Шу йил август ойи охирида Свердлов туман суди Асқаров ўлимига доир тергов ишини қайтадан тиклаш тўғрисида қарор қабул қилган.

28 июль куни Бишкек шаҳар суди биринчи инстанция қарорини бекор қилиб, шикоятни қайта кўриб чиқиш учун юборган. Август ойи охирида Бишкекнинг Свердловск туман суди Азимжон Асқаровнинг ўлими бўйича ишни қайта кўриб чиқишга қарор қилади. Текширув Жазони ижро этиш Давлат хизматининг тергов хизматига топширилган, бироқ сентябрь ойида ҳуқуқ ҳимоячилари уни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига топширишга муваффақ бўлишган.

Декабрь ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жазони ижро этиш давлат хизматининг тергов бўлимига асосий гувоҳларни сўроқ қилиш бўйича буйруқ юборган. «Булар Азимжон Асқаровнинг камерадошлари, шифокорлар ва бошқарманинг собиқ матбуот котиби Самат Қилиқов. Қиличев маҳкумнинг аҳволи яхши эканини айтган. Бир неча кундан кейин ҳуқуқ ҳимоячиси вафот этган. Топшириқ ҳанузгача ГСИН ижро тасарруфида, ҳатто оралиқ ҳисобот ҳам йўқ», — дейди Асқаровлар оиласи адвокатлари.

2022 йил июль ойида улар тергов органларининг ҳаракатсизлиги учун ишни прокуратурага топшириш ва Молия вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан жабрланувчи фойдасига пул ундириш ниятида эканликларини маълум қилишган.