Қозоғистонлик Олимпиада совриндори допинг учун 8 йилга дисквалификация қилинди

Игорь Сон. elorda.info сайти фотосурати

Токио-2020 Олимпиадаси бронза медали совриндори оғир атлетикачи Игорь Сон тақиқланган препаратларни истеъмол қилгани учун 8 йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий антидопинг марказига асосланиб Zakon.kz хабар берди.

Қайд этилишича, спортчининг 2022 йил 2 март куни мусобақадан ташқари даврда олинган намунаси синтетик анаболик стероид метастерон учун ижобий натижа берган.

24 ёшли қозоғистонликнинг мусобақалардан четлаштирилиши 2022 йилнинг 28 мартидан 2030 йилнинг 28 мартигача давом этади.

Сон аввалроқ допинг учун дисквалификация қилинган эди. 2015 йили спортчининг таҳлилларида тақиқланган моддалар топилган, бироқ спортчи улар танасига биоқўшимча орқали кирганини исботлай олди ва узоқ муддатли дисквалификациядан қутулолганди.

Игорь Сон — халқаро тоифадаги спорт устаси, 55 килограммгача бўлган вазн тоифасида 2019 йилги жаҳон чемпионати кумуш медали, 61 килограммгача бўлган вазн тоифасида 2020 йилги Ёзги Олимпиада ўйинларининг бронза медали совриндори ҳисобланади. «Курмет» давлат ордени билан тақдирланган.

Бу Қозоғистон оғир атлетикасидаги биринчи ва энг шов-шувли жанжал эмас. 2016 йили бир қатор етакчи спортчилар допинг истеъмол қилганликда айбланган. Халқаро олимпия қўмитаси аввалшги Олимпиадада олтин медалларни қўлга киритган Илья Ильин, Мая Манеза, Зулфия Чиншанло ва Светлана Подобедоваларни мусобақалардан четланган ва мукофотлардан маҳрум қилган.

  • Тошкентда Тимур Д'Ватцнинг «Аркадия ҳақидаги орзулар» кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида деярли ҳамма нарса яхши, бироқ ҳаммаси ҳам кундек ойдин эмас

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди