Сердар Бердимуҳамедов Баҳрайнда отасининг китоби ва гиламни икки араб отига алмаштирди

Сердар Бердимуҳамедов ва Баҳрайн Қироли.tdh.gov.tm сайти фотосурати

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 21-22 февраль кунлари расмий ташриф билан Баҳрайнда бўлиб, у ерда ўтказилган тадбирларда иштирок этди, Қирол Ҳамад бин Исо Ал-Халифа билан учрашди ва совғалар алмашди. Бу ҳақда «Туркменистан Сегодня» нашри хабар берди.

Бердимуҳамедов Баҳрайн Иқтисодий тараққиёти кенгашига ташриф буюрди. Унга қиролликнинг макет харитаси кўрсатилган ва инвестиция лойиҳалари ва ҳамкорлик имкониятлари ҳақида сўзлаб берилган.

Туркманистон президенти Қирол Ҳамад бин Исо ал-Халифа билан музокараларда икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилган. Учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот, шунингдек, маданият, таълим, денгиз транспорти ва метрология соҳаларида ҳамкорликка оид қатор меморандум ва битимлар имзоланган.

Қирол Бердимуҳамедовга биринчи даражали Шайх Исо бин Салмон Ал-Халифа номидаги орденни топширган – бу Баҳрайн Қироллигининг олий мукофоти ҳисобланади.

Bahrain News Agency қиролнинг нутқини эълон қилган, унда Туркманистон раҳбарининг ташрифи сармоя ва савдо, шунингдек, энергетика, туризм, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик бўйича музокараларнинг янги босқичини бошлашга ёрдам бериши таъкидланган. Нашр, шунингдек, Серда Бердимуҳамедовнинг «ёқилғи-энергетика комплекси, нефтни қайта ишлаш саноати, қурилиш, юк ташиш ва тўқимачилик ишлаб чиқаришида қўшма корхоналар яратиш учун кенг салоҳият мавжудлигини» таъкидлаган нутқидан иқтибос келтиради.

Расмий тадбирлар якунида Туркманистон Президенти қирол отхонасига олиб борилган ва у ерда унга иккита араб оти совға қилинган. Ўз навбатида Сердар Бердимуҳамедов Баҳрайн Миллий музейига туркман гилами ва отаси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ахалтеке отлари ҳақидаги китобини совға қилган.

Туркманистон Президенти баҳрайнлик ҳамкорларни келаси йилда бизнес ва сармоявий форумлар ўтказишни таклиф қилган ва Қирол Ҳамад бин Исо Ал-Халифани меҳмонга чақирган.

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон иккинчи президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли. У ўтган йили 12 мартида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг мамлакатни бошқа бошлади. Кичик Бердимуҳамедов 72,97 фоиз овоз тўплаган. Инаугурация бир ҳафтадан сўнг бўлиб ўтган. У давлат раҳбари сифатида илк хорижий ташрифини 10 июнь куни Россияга амалга оширган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ