Туркманистонда давлат хизматчилари Туркияга инсонпарварлик ёрдами учун пул йиғишга мажбур қилинган

Туркманистон инсонпарварлик ёрдами. salamnews.tm сайти фотосурати

Туркманистон ҳукумати вилоятлар, этраплар (туманлар) ва шаҳарлар ҳокимликларини Туркиядаги зилзила қурбонларига ёрдам кўрсатиш учун махсус ҳисоб рақамига пул ўтказиш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.

Шундай қилиб, этрап ҳокимликларининг ҳар бири 2500 манатдан (давлат курси бўйича 715 доллар ёки қора бозор курси бўйича 132 доллар), вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг ҳар бири 4000 манатдан (1143 доллар ёки 210 доллар) пул ўтказиши керак.

Йиғилган пулга ҳукумат Туркманистонда ишлаб чиқарилган кўрпа-тўшак, сочиқ ва кийим-кечакларни сотиб олиб, зилзила қурбонларига беришни ваъда қилмоқда.

«Хроника Туркменистана» нашрининг ёзишича, 12-13 февраль кунлари Туркманистондан Туркияга юборилган инсонпарварлик ёрдами ичида касаба уюшмалари ва хотин-қизлар иттифоқи орқали харид қилинган буюмлар ҳам бор бўлган.

Айни пайтда, этрапларда президент маъмурияти тавсиясига кўра зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар учун садақа (хотира дастурхони) уюштирилган. Нашрнинг ёзишича, Қўняургенчдаги этрап ҳокими ҳатто маҳаллий аҳолини ҳимоя қилиб, садақани улар ҳоҳласа, уйларида садақа ўтказа оладиган ишчилар ҳисобидан эмас, балки ташкилотлар ҳисобидан ўтказилишини талаб қилган.

Мустақил матбуотга кўра, катта ишсизлик мавжуд Туркманистонда давлат асосий иш берувчи ҳисобланади. Шу сабабли, бюджет муассасаларидаги лавозим эгалари ишини йўқотишдан қўрқишади ва мунтазам равишда турли мақсадлар учун пул ўткизишади. Шунингдек, улар шанбаликларда, оммавий байрамларда ва қишлоқ хўжалиги ишларида (асосан пахта теримида) қатнашишга эътироз билдирмайдилар.

Туркияда 6 феврал куни эрталаб бир неча соатлик фарқ билан 7,8 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Зилзила эпимаркази мамлакат жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш шаҳрида жойлашган. Қўшни Суриянинг шимолий қисми ҳам зилзиладан жабр кўрган. 1500 дан ортиқ хонадонлар, жумладан, кўп қаватли уйлар вайрон бўлган. 28 февраль ҳолатига кўра, биргина Туркияда 44,000 дан ортиқ ўлим ҳолатлари қайд этилди. Ўнлаб давлатлар қутқарув гуруҳлари ва жабрланганларга гуманитар ёрдамлар жўнатган

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ