Термизда Афғонистонга халқаро ёрдам кўрсатиш доирасида иккинчи омбор очилди

Термиздаги ЖОД омбори. TOLOnews. Айти фотосурати

Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) Афғонистонга озиқ-овқат ёрдамини ташишни осонлаштириш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги Термиз шаҳрида иккинчи омборини очди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.

Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистондаги вакили Воҳидуллоҳ Аманий (Wahidullah Amani) нинг айтишича, Ўзбекистондан Афғонистонга ҳар куни камида 1000 тонна озиқ-овқат ташилади.

«Термиздаги янги омборхона сиғимини ошириш [Афғонистондаги] ҳозирда очликдан азият чекаётган ва озиқ-овқат ёрдамига муҳтож бўлган 20 миллион аҳолини тўғри қамраб олишимизга ёрдам беради. Биз озиқ-овқат ёрдамимизни улар орасида яхшироқ тақсимлай оламиз», — дейди Аманий.

Айни пайтда Кобул аҳолиси етказилаётган гуманитар ёрдам сифати пастлиги, уларни етказиб бериш ва тарқатишда шаффофлик йўқлигидан шикоят қилишмоқда.

«Гуманитар ёрдам жуда сифатсиз. Улар 50 кг белгиланган 40 кг [бир қоп] ли ун беришади. Бензин [гуманитар ёрдам сифатида етказиб берилмоқда] сифатсиз», — дейди Афғонистон пойтахтида яшовчи Файз Муҳаммадий (Faiz Mohammadi).

ЖОД вакилларининг айтишича, 2022 йили дастур Афғонистондаги 23 миллион кишига (мамлакат аҳолиси 34 миллион кишини ташкил этади) озиқ-овқат ёрдамини кўрсатган. Мамлакатдаги гуманитар муаммоларни ҳал қилиш бўйича режаларини амалга ошириш учун 1,5 миллиард доллар керак.

Афғонистондаги гуманитар инқироз 2021 йил август ойида мамлакатда 20 йилдан бери амалдаги афғон ҳукумати ва уни қўллаб-қувватлаётган хорижий ҳарбийларга қарши курашиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин бошланган. Аксарият хорижий донорлар толиблар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Айни пайтда Афғонистоннинг барча қўшни давлатлари афғонларга ёрдам кўрсатмоқда. Ўзбекистон афғонларга инсонпарварлик ёрдами етказиладиган асосий транзит марказига айланди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ