Европа Иттифоқи толиблар билан қизлар учун мактаблар очилиши борасида келиша олмади

ЕИ Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон. Ariana News. Айти фотосурати

Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассоннинг таъкидлашича, 2021 йил августидан буён Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракати билан сўнгги музокараларда 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабда ўқиши масаласи муҳокама қилинган, бироқ у мактаблар очилиши мажбурияти борасида толиблардан «ҳеч қандай садо эшитмаган». Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.

Кобулга ташриф буюрган Никлассон толиблар ҳукуматининг бир қатор юқори мартабали мулозимлари билан учрашган.

«Мамлакатнинг аксарият вилоятларида ўрта мактаблар [12 ёшдан ошган] қизлар учун 18 ой давомида ёпиқлигича қолмоқда ва декабрь ойида де-факто расмийлар университетлар ҳам аёллар учун ёпилишини эълон қилишди. Мен бу масалаларни [толиблар ҳукумати] вазирлари билан бир неча учрашувларимда кўтарганман, гарчи кўпчилик қизлар ва аёлларнинг ўқиш ҳуқуқини ёқлаган бўлсалар-да, янги мактаб бошланишида мактабларни қайта очиш бўйича қатъий мажбуриятларни эшитмадим. Мен янги ўқув йили [Афғонистонда Наврўз байрамидан сўнг март ойининг иккинчи ярмида] бошланишида мактаблар очилиши борасида бирорта қатъий сўз эшитмадим», — дейди Никлассон Кобулдаги матбуот анжуманида.

Толиблар ҳукуматининг матбуот котиби Билол Каримий, ўз навбатида, Афғонистоннинг таълим тизими ислом қонунлари асосида шакллантирилишини айтди.

«Афғонистоннинг ички муаммолари Афғонистон халқига тегишли. Афғонистон халқи ўз ғоялари ва исломий қадриятлари асосида ўз ишларини ташкил қилади. Хоҳ у сиёсат бўлсин, хоҳ у иқтисод », — дейди Каримий.

Афғонистон мактабларида янги ўқув йили 20 кундан кейин бошланиши керак, бироқ толиблар 12 ёшдан ошган қизлар учун мактабларнинг очилиши борасида якуний қарорини ҳали эълон қилгани йўқ.

Афғонистонда ўрта ва катта синф ўқувчилари учун мактаблар 2021 йил августидан, «Толибон» мамлакатни эгаллаб олганидан кейин ёпилган. Сентябрь ойида дарслар фақат ўғил болалар учун тикланди. Кейинчалик янги семестрдан яна қизларга ўқишга рухсат берилиши хабар қилинди.

Бироқ, 2022 йил март ойида, янги ўқув йили бошланганда, олтинчи синфдан бошлаб ўқувчи қизлар уйларига жўнатиб юборилди. Толиблар ислом қонунлари ва маҳаллий урф-одатларга асосланган ўқув дастури яратиш зарурлигини баҳона қилиб, қизлар учун мактаб очиш ҳақидаги фикрини ўзгартирдилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ