Туркия Бош прокуратураси Истанбулдаги теракт ижрочиси учун 3000 йил қамоқ жазосини сўради

Истанбулдаги теракт ижрочисининг ҳибсга олиниши. Anadolu сайти фотосурати

Туркия Бош прокуратураси суддан ўтган йил 13 ноябрь куни Истанбулнинг Истиқлол кўчасида теракт содир этган Сурия фуқароси Аҳлам Албаширга уч минг йиллик қамоқ жазосини тайинлашни сўради. Бу ҳақда Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, айблов хулосасида Бош прокуратура суриялик аёл учун жиноятнинг қасддан ва давлатга қарши бўлганлиги сабабли 7 марта умрбод қамоқ жазосини талаб қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, портловчи мослама солинган сумкани айнан Албашир кўчада қолдирган, кейин у портлаб кетган. Теракт иши бўйича суд мажлислари 2023 йил 9-11 май кунлари Истанбул судида бўлиб ўтади.

Бундан олдин Туркияда Истиқлол кўчасида теракт тайёрлашга алоқадорликда гумон қилинган 17 нафар шахс қўлга олинган эди. Ҳибсга олинганлар «давлат бирлиги ва яхлитлигини бузиш, қасддан қотиллик қилиш»да айбланган.

Ҳужум натижасида саккиз киши ҳалок бўлган, 81 киши жароҳатланган. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги портлаш ортида Туркияда террорчи ташкилот деб тан олинган Курдистон ишчилар партияси (КИП) тарафдорлари турганини айтди.

КИП 1984 йилдан бери Туркия ҳукуматига қарши турли воситалар билан жанг қилиб келади. Аксарият курдлар яшайдиган мамлакат жануби-шарқида асосан КИП жангарилари хавфсизлик кучлари ва расмийларга қарши ҳужумлар уюштиради. Ироқ ва Сурия шимолида КИПнинг базалари мавжуд бўлиб, Туркия қуролли кучлари уларга қарши ҳаво ва қуруқликда амалиётлар ўтказиб келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ