Туркман тарихчиси 2000 йил олдин Парфия давлати бетараф бўлганини исботлади

Парфия давлати. britannica.com сайти фотосурати

Туркманистонлик тарих фанлари номзоди Жума Оразқличев икки минг йил аввал ҳозирги Туркманистон ҳудудининг бир қисмини эгаллаган Парфия жаҳон тарихида ўзининг нейтрал мақомини қонуний равишда мустаҳкамлаган биринчи давлат эканлигини исботлади. Бу ҳақда «Мир24» хабар берди.

«Икки минг йил муқаддам ота-боболаримиз дунёга нейтрал куч намунасини кўрсатгани, менимча, биз учун жуда яхши ички аккумулятор, қувват манбаи бўлиб, аждодларимиз белгилаб берган тўғри йўлдан кетаётганимизни англатади», — дейди Оразқличев.

Тарихчининг сўзларига кўра, бир йил ичида у нафақат буни кашф этишга, балки 40 минг саҳифали қадимий матнларни, жумладан, қадимги юнон файласуфи Плутархнинг, Рим тарихчиси Тацитнинг асарларини ўрганишга муваффақ бўлган.

«Бу вақт ичида катта ҳажмдаги материалларни топиш ва уларни ўрганиб чиқиш керак эди. Парфия жаҳон тарихида бетарафлик мақомини қонуний равишда белгилаган биринчи давлат бўлганлиги ҳақида бирламчи манбаларга асосланиб, рад этиб бўлмайдиган далиллар келтирилди», — дейди Оразқличев.

Парфия подшолиги қадимда ҳозирги Эрон, Ироқ, Афғонистон, Туркманистон ва Покистон ҳудудларида жойлашган. Милоддан аввалги 69 йили Парфия ҳукмдори Фраат III Рим империяси ва Понтуснинг Арманистон билан коалицияси ўртасидаги зиддиятда бетарафликни сақлаб қолади. Фраат нейтралликни ҳужжатлаштирган. Қироллик қароргоҳи Нисо бўлган, унинг харобалари Ашхобод яқинида жойлашган ва ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

1995 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 50-сессиясида Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақомига эга давлатга айланиш истагини қўллаб-қувватловчи резолюция қабул қилинган. Туркманистон қуролли можароларда қатнашмаслик ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик мажбуриятини олган.

Нейтраллик куни иккинчи энг муҳим давлат байрами ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ