Туркманистон март ойида «Украина халқи болалари»га гуманитар ёрдам жўнатади. Тегишли фармонни республика президенти Сердар Бердимуҳамедов имзолади, деб хабар беради «Туркменистан Сегодня» нашри.
Давлат раҳбари Украина томонига дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотларини беғараз жўнатиш бўйича топшириқ берди.
Гуманитар ёрдам Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги Ҳомийликка муҳтож болаларга кўмаклашиш хайрия жамғармаси номидан – «туркман халқининг яхши қўшничилик ва инсонпарварликнинг азалий анъаналарига амал қилган ҳолда» юборилади.
Аввалроқ, февраль ойида катта Бердимуҳамедов фонди номидан Туркияга – зилзила қурбонларига гуманитар ёрдам юборилган эди.
Таъкидлаш жоиз, 2022 йили Сердар Бердимуҳамедов Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Украина Президенти Владимир Зеленский ва ушбу мамлакат халқини Мустақиллик куни билан табриклаган эди. Октябрь ойида Туркманистон президенти Зеленский ва украиналикларни икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан табриклади. У украиналик ҳамкасбига мустаҳкам соғлик, бахт ва саодат, Украина халқига эса тараққиёт ва фаровонлик тилади.