Қирғизистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Александр Крестинин Люксембургнинг «Титус Петанж» клубининг германиялик футболчиси Кай Меркни терма жамоага таклиф қилди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.
24 ёшли ҳужумчи Қирғизистон терма жамоасининг 2024 йил 12 январдан 10 февралгача Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги – 2023 мусобақасида иштирок этишга тайёрлаш доирасида Мьянма ва Ҳиндистон терма жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинларига чақирилган эди.
Меркнинг Қирғизистон терма жамоасида ўйнамоқчи экани ҳақидаги маълумотлар ўтган йил ноябрь ойида пайдо бўлганди. Шу билан бирга, Кайнинг укаси Мики 2019 йили республика ёшлар терма жамоасига таклиф этилгани, бироқ футболчи паспорт олишда муаммоларга дуч келгани қайд этилганди.
Бир вақтнинг ўзида Германия чемпионати тўп сураётган бир нечта этник немислар Қирғизистон терма жамоасига жалб этилди. Булар Виктор Майер, Эдгар Бернхардт ва Виталий Люкс. Бироқ, уларнинг барчаси Германияда туғилган Кай Меркдан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё республикасининг туб аҳолиси ҳисобланади. Футболчининг ота-онаси Қирғизистондан бўлиши мумкин, бу унга назарий жиҳатдан ушбу мамлакат терма жамоасида ўйнашга имкон беради, бироқ Қирғизистон футбол иттифоқидан бу борада ҳозирча ҳеч қандай изоҳ йўқ.
Кай Мерк Германиянинг «Пирмазенс» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал даражада у Германия чемпионатининг қуйи лигалари – «Эльферсберг» ва «Аален» жамоаларида ўйнаган. 2021 йили у Люксембургнинг «Титус Петанж» клубига ўтган. Жорий мавсумда Мерк миллий чемпионатнинг 19 ўйинида 10 та гол урди ва унинг жамоаси турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб, еврокубокларга чиқиш учун курашмоқда.
Transfermarktга кўра, футболчи 150 минг еврога баҳоланмоқда.