Қирғизистон Маданият вазирлиги вилоят газеталарини тугатишни режалаштирмоқда

KTRK.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги давлатга қарашли барча вилоят газеталарини тугатиш тўғрисида фармон ишлаб чиқди. Агентлик тегишли ҳужжатни жамоатчилик муҳокамасига таклиф қилган ва у 11 апрелга қадар давом этади.

Ҳукумат қарори лойиҳасининг асосли ёзувида бугунги кунда барча вилоят газеталарида жами 228 нафар ходим меҳнат қилаётгани, уларнинг иш ҳақининг йиллик молиялаштирилиши 105 миллион сўмдан (1,2 миллион доллар) ортиқни ташкил этаётгани қайд этилган.

Шу билан бирга, биронта ҳам нашр ўзини-ўзи таъминлай олмайди, бу эса пировардида бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига олиб келади, дея таъкидлайди Маданият вазирлиги.

Ташаббус муаллифларига кўра, ҳудудий газеталар ҳафтада бир марта 1000-2000 нусхада чоп этилади ва бу вилоят аҳолисини тўлиқ таъминлай олмайди. Қирғизистонликлар маълумотларни мобил интернет, телевидение ва радио орқали олишни маъқул кўргани учун босма нашрларга бўлган талаб пасайган.

Буларнинг барчаси вилоят газеталари таҳририятларини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинишига сабаб бўлган. Маданият вазирлиги қарор лойиҳаси ҳудудий оммавий ахборот воситалари томонидан олиб борилаётган давлат ахборот сиёсатини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилганини қайд этади.

2017 йили Қирғизистон ҳукумати вилоятлар матбуотини ислоҳ қилишга уринган эди. Жумладан, давлат оммавий ахборот воситалари негизида ҳар бир вилоятда медиа-марказ ташкил этиш режалаштирилган эди. Бироқ вилоят газеталари раҳбарлари ўзгаришларга қарши чиқишди ва президентга мурожаат йўллашди.

2018 йили ҳудудий оммавий ахборот воситаларига 148 миллион сўм (2,1 миллион доллар) сарфлангани маълум қилинган эди. 34 та туман ва 12 та вилоят газеталари, шунингдек, 6 та ҳудудий телеканаллар давлат томонидан молиялаштирилади.

2019 йил июль ойида Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги барча туман газеталарини молиялаштиришни тўхтатиш ниятида эканини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ