Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари – Саноат, энергетика ва ер ости бойликларидан фойдаланиш давлат қўмитаси раҳбари Дуйшенбек Зилалиев коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинди, деб ёзади 24.kg республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизматига таяниб.
Нашрнинг таъкидлашича, махсус хизматлар маълумотларида фақат гумонланувчининг бош ҳарфлари кўрсатилган, бироқ тақдим этилган маълумотларга кўра, гап Зилалиев ҳақида кетаётгани аниқ.
Тергов маълумотларига кўра, 2017 йили собиқ бош вазир ўринбосари маълум бир фуқарога фойдали қазилмалари бўлган конга лицензия бериш масаласини ҳал қилишни ваъда қилиб, ундан 50 минг АҚШ долларини олган. Бироқ амалдор ўз ваъдасини бажармаган ва пулни қайтармаган.
«Тўпланган далилларга кўра, 15 март куни З.Д.Т. Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди», — дейилади хавфсизлик хизмати хабарида.
Зилалиев аввал ҳам жиноий жавобгарликка тортилган. 2018 йил 7 декабрь куни у ноқонуний бойлик иши доирасида қўлга олинган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларига маълум бўлишича, декларацияларда кўрсатилмаган 889,9 минг доллардан ташқари (бу маблағ амалдорнинг беш йил давомидаги расмий даромадидан бир неча баравар юқори) Зилалиев қариндошлари номига ўтказган катта миқдордаги кўчмас мулкка эга бўлган.
Зилалиев адвокати ўз ҳимоясидаги шахс барча пулларни қонуний йўл билан «чорвачилик ва бошқа тадбиркорлик» билан шуғулланиб ишлаб топганини таъкидлаган.
Натижада амалдор 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Аммо 2021 йили Олий суд бу қарорни бекор қилган ва иш қайта кўриб чиқишга юборилган.
2019 йили Латвия ҳуқуқ-тартибот идоралари Қирғизистон бош вазири собиқ ўринбосарининг оиласига қарши Европанинг ушбу давлатидаги банклардан бири орқали йирик миқдордаги пул маблағларини ювиш айби билан жиноий иш қўзғатган эди.