Туркманистонлик футболчи илк бор Эстония чемпионатида иштирок этади

Мирза Бекназаров ва клуб президенти Николай Бурдаков. turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Мирза Бекназаров Эстониянинг Премиум лига клуби «Нарва Транс» билан шартнома имзолади. Бу ҳақда футболчининг агенти Геннадий Христофоридига таяниб Turkmenportal хабар берди.

22 ёшли футболчининг Эстония клуби билан шартномаси яна бир йилга узайтирилиши мумкин бўлган ҳолда 2023 йилнинг охиригача мўлжалланган. Шартноманинг молиявий тафсилотлари ошкор этилмаган.

Бекназаров Эстония чемпионатлари тарихидаги илк туркманистонлик футболчига айланади.

Бекназаров сўнгги тўрт йил ичида МДҲдан ташқарида Европа чемпионатида иштирок этган илк туркманистонлик футболчи бўлди. Бунгача Туркманистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Руслан Мингазов ўн йил давомида Латвия ва Чехияда тўп сурганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ёзида Тожикистон терма жамоаси ҳужумчиси Рустам Соиров Эстониянинг «Левадия» клуби билан шартнома имзолаган бўлса-да, жамоада ўз ўрнига эга бўла олмай, жорий йилнинг январь ойидаёқ Тошкентнинг «Локомотив» жамоасига кўчиб ўтганди.

Мирза Бекназаров асли Тошҳовузлик. У Эстонияга кўчиб ўтишдан олдин Ашхободнинг «Аҳал» жамоасида тўп сурган, унда мамлакат чемпиони бўлган, турнирнинг рамзий терма жамоасига киритилган, шунингдек, Осиё Футбол Конфедерасияси (ОФК) Чемпионлар Лигасида ўйнаш тажрибасига эга. Футболчи Туркманистон терма жамоаси сафида битта ўйин ўтказган.

Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг нархи 150 минг еврога баҳоланмоқда.

«Нарва-Транс» — Эстония чемпионатининг кўп карра совриндори, мамлакат кубогининг икки карра ғолиби. Бу мавсумда уч турдан сўнг жамоа нол очко билан сўнгги ўринда бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ