Қирғизистон президенти Садир Жапаров таэквондо (WTF) бўйича фахрий 9 дан ва қора белбоғ билан тақдирланади. Бу ҳақда Bishkek24 хабар берди.
Фахрий унвон берилиши Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаровнинг Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунг Вон Чо билан учрашувида эълон қилинди. Қора белбоғ яқин кунларда республика раҳбарига топширилади.
Жапаров таэквондо (WTF) бўйича 9 дан қора белбоғини қўлга киритган биринчи Қирғизистон фуқаросига айланади.
Оқилбек Жапаров таэквондо Қирғизистонда энг оммабоп спорт турларидан бири эканлигини таъкидлаган бўлса, Чунг Вон Чо ўз навбатида республикада таэквондони оммалаштиришга қаратилган тадбирлар ҳақида гапириб, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини текинга ўқитиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.
Томонлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш, Қирғизистонда аянчли аҳволда бўлган спорт тиббиётини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Садир Жапаров таэквондо (WTF) бўйича фахрий 9 дан унвони билан тақдирланган биринчи давлат раҳбари эмас. Масалан, 2014 йили Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев гроссмейстер унвонига сазовор бўлган. 2013 йили бу шараф Россия президенти Владимир Путинга берилган, бироқ 2022 йил мартида Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция (МҲО) ўтказилиши эълон қилингани муносабати билан у қора белбоғдан маҳрум қилинди.