Туркияда туркман муҳожирларига ёрдам берувчи ташкилот рўйхатга олинди

ННТ эмблемаси. tmhelsinki.org сайти фотосурати

Туркияда истиқомат қилаётган туркманистонлик муҳожирлар Hak Нukuga Daýanç («Ҳуқуқ ва қонунга таянч») ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотини рўйхатдан ўтказишди. Бу ҳақда Азатлик (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати) хабар берди.

26 март куни Истанбулда ташкилот тақдимоти бўлиб ўтди. ННТга туркман фаоли Дурсолтан Таганова раҳбарлик қилади.

Ташкилот Туркия ва Туркманистондаги туркман фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоя этилаётганини мониторинг қилади, шунингдек, «авторитар туркман режими томонидан таъқибга учраган ва ҳуқуқлари поймол қилинганлар»ни ҳимоя қилади.

«Туркманистон ҳукуматининг ўз фуқаролари муаммоларига бефарқлигидан ва тўлиқ умидсизликдан чарчаган туркман мингрантлари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрганиши учун ўзларининг инсон ҳуқуқлари ташкилотини яратишга мажбур бўлди», — дейди Таганова.

Турк ҳуқуқшунослари ва маҳаллий нодавлат ташкилотлари «Ҳуқуқ ва қонунга таянч» билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар. Жумладан, Туркманистон фуқароларига юридик ёрдам кўрсатиш кўзда тутилилади.

«Юз минглаб туркман фуқаролари паспортларини алмаштира олишмайди, кимлик (Туркия фуқаросининг пластик ID карта кўринишидаги шахсини тасдиқловчи ҳужжат) ололмайдилар. Шу сабабли улар меҳнат қилиш, даволаниш, таълим олиш ҳуқуқидан маҳрумдирлар, болалар боғчага бора олишмаяпти, юзлаб туркманлар кўп ойлар давомида депортация марказларида қолишмоқда. Улар у ерларда қолишаркан, иш жойидан, уй-жойидан маҳрум бўлишмоқда. Бу марказлар ходимларининг сўзларига кўра, улар консулликка қўнғироқ қилишади, лекин қўнғироқларга жавоб беришмайди ёки умуман муносабат билдиришмайди», – дейди Таганова.

Hak Нukuga Daýanç билан қуйидаги электрон почта орқали боғланиш мумкин: hakhukugadayanc@gmail.com. Ташкилотнинг YouTube ва TikTokда ўз акаунтлари мавжуд.

Туркия Миграция хизмати маълумотларига кўра, 2023 йил январь ҳолатига кўра, Туркманистоннинг 222 090 фуқароси мамлакатда қонуний яшаган. Мустақил манбаларга кўра, ноқонуний мигрантлар сони расмий маълумотлардан бир неча баробар кўп.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ