Британияда афғон қочқинларидан толиблар томонидан тасдиқланган ҳужжатларни талаб қилишмоқда

Чет эл ҳарбийлари ёрдамида Қобулдан эвакуация қилинган афғонлар. Reuters сайти фотосурати

Буюк Британияда илгари инглиз ҳарбий ва фуқаролик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилган ва «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг ватанни тарк этишга мажбур бўлган афғон қочқинлари толиблар тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этишлари шарт. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Текширувлар натижасига кўра, расмийлар Буюк Британияга кўчиб ўтиши дастури (ARAP) иштирокчиларидан инглиз тилида, Афғонистон ҳукумати томонидан тасдиқланган туғилганлик ва никоҳ гувоҳномаларини талаб қилган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги 20 йиллик фаолияти давомида чет эл ҳарбий ва фуқаролик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилган ўн минглаб афғонлар 2021 йил август ойида ҳукумат толиблар томонидан эгаллаб олинганидан сўнг хорижий ҳарбий самолётлар ёрдамида Кобулдан зудлик билан эвакуация қилинган эди. Уларнинг ҳаммаси ҳам собиқ ҳукумат тасдиқлаган ҳужжатларни ўзлари билан олиб кета олишмаган. Айни пайтда Афғонистонда де-факто ҳукуматни аввали хорижликлар билан ҳамкорлик қилган афғонларни қочишга мажбур қилган толиблар бошқармоқда.

Бироқ, Британия расмийлари ARAP дастури иштирокчиларидан паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, шунингдек, «маҳаллий ҳокимият» томонидан тасдиқланган никоҳ гувоҳномаси бўлишини талаб қилмоқда. Дастур иштирокчиларидан бирининг Британия Ташқи ишлар вазирлигидан олган электрон хатга кўра — «Никоҳ гувоҳномаси маҳаллий ҳокимият томонидан аниқ муҳрланган бўлиши керак».

The Guardian таъкидлаганидек, афғон мигрантлари орасида Риши Сунак ҳукумати аввалги Бош вазир Борис Жонсоннинг Афғонистонда британияликлар билан бирга ишлаган ва жанг қилган афғонларга ёрдам бериш ҳақидаги ваъдасини бажармайди, деган хавотир кучаймоқда.

Либерал демократ депутат Вера Хобхауснинг айтишича, «афғонларни [Буюк Британияга] кўчириш схемалари бутунлай муваффақиятсизликка учраган».

«Булар бизга ёрдам бериш учун жонини хавф остига қўйган чинакам жасур одамлардир. Биз ҳозир идоравий лаёқатсизлик ва сиёсий жаҳолат туфайли улардан воз кечяпмиз»,дейди Хобхаус.

Аввалроқ ҳуқуқ фаоллари Кобулдан Бирлашган Араб Амирликларига эвакуация қилинган ва АҚШ ёки Европа давлатларига кириш учун ҳужжатларни кутаётган 2700 га яқин афғон 15 ой давомида махсус лагерда сақланаётганини, уни тарк этиш истиқболи йўқлигини билдирган эди. Human Rights Watch ҳисоботига кўра, ушбу лагердаги кўплаб афғонлар руҳий тушкунлик ва бошқа руҳий касалликлардан азият чекишмоқда, уларда фарзандлари учун адвокат ёллаш ёки таълим хизматларидан фойдаланиш учун имконият йўқ.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ