Ироқ қамоқхоналарида террорчиликка алоқадорликда айбланган 41 нафар қирғизистонлик борлиги аниқланди

Қамоқхонада. Reuters фотосурати

Ироқ қамоқхоналарида маҳаллий суд органлари томонидан мамлакатдаги террорчилик фаолиятига алоқадорликда айбланган 41 нафар Қирғизистон фуқароси сақланмоқда. Бу ҳақда 13 апрель куни Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ироқ қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаган яна икки қирғизистонлик шу йилнинг 28 феврал куни ватанига қайтарилган. Бошқа тафсилотлар берилмаган.

Аввалроқ «Азаттиқ» веб-ресурсига (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қирғиз хизмати) бир неча аёллар боғланиб, ўнлаб қирғиз аёллари Ироқ қамоқхоналарида экани ва улар Қирғизистон ҳукуматидан ватанларига қайтиш учун ёрдам сўрагаётни ҳақида хабар берган эди.

«Мен сизга Ироқнинг Бағдод шаҳридаги 6-«Русафа» қамоқхонасидан ёзяпман. Олти йилдан буён озодлик орзусида юрган, фарзандларини соғиниб, қариндош-уруғларини кўрмоқчи бўлган 40 нафар қирғиз аёли номидан ёзяпман. Бизга нисбатан чиқарилган ҳукмларни бекор қилиб, Қирғизистонга олиб кетишимизни сўраймиз», — дейилади Ўш вилоятида туғилган 27 ёшли Нилуфардан (исми ўзгартирилган) келган хатда.

«Азаттиқ» у билан мессенжер орқали боғланишга муваффақ бўлган. Нилуфарнинг айтишича, судланган қирғизистонлик аёлларнинг аксарияти 2014-2015-йиллари Сурия ва Ироққа эрлари билан ёки ўғилларини излаб келган.

«Бу ерга келган барча аёлларнинг маълумоти паст, уларни тузоққа илинтириш жуда осон. Уларнинг ҳеч бири олий маълумотга эга эмас. Ҳаммасининг алдангани аниқ»,дейди Нилуфар.

Унинг ўзи эса эри билан Ироқда бўлган. Дастлаб, эр-хотин Сурияга ваъда қилинганидек, юқори маош эвазига боришган, аммо пешмерга — курд ҳарбийлари қўлига тушиб қолишган. У пайт Нилуфар 18 ёшда бўлган.

«2017 йил август ойида биз Курдистонга келдик ва у ерда ватанимизга депортация қилишларини сўрадик. Бизни Бағдодга юборишди. У ерда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бизни турли ҳужжатларга имзо чекишга мажбур қилишди. Биз уларнинг тилини тушунмасдик. Охир-оқибат, биз ҳукм қилинаётганимизни англадик. Баъзиларимиз ўлимга ҳукм қилинган, баъзиларимиз умрбод қамоқ жазосига. Ўқимаган, тил билмайдиган, ўзини ҳимоя қила олмайдиган аёллар чуқур жарга тушиб кетгандек бўлдик»,дейди Нилуфар.

Унинг камерадоши Фарида (исми ўзгартирилган)нинг айтишича, қамоқхонанинг 15 камерасида 500 дан ортиқ хорижлик аёллар бор.

«Бир камерада камида 50 киши ўтиради. Илгари фарзандли бўлганимизда бир камерада 120 нафаргача одам бўларди. ЮНИCEФдан бизга адёл ва бошқа керакли нарсалар берилади. Аммо охирги марта биз икки йил олдин матрас ва кўрпа олганмиз. 50 ўринга мўлжалланган биттагина ҳаммом бор», — дейди Фарида.

Унинг айтишича, у Сурияга келганида уруш бўлмаган тинч ҳудудларда яшаган. Аёллар уйдан чиқмай, бола-чақага қарар, эркаклар эрталаб ишга кетиб, кечки пайт қайтиб келишарди.

Фариданинг сўзларига кўра, ўзи ҳам, камерадошлари ҳам айнан нима учун жазоланганини билишмайди, лекин бунинг терроризм билан боғлиқлигини тушунишади.

«Бизнинг терроризмга ҳеч қанақа алоқамиз йўқ. Фарзандларимиз етим қолишини истамай, эрларимизга итоат қилганмиз холос. Биз террорист бўлишни хоҳламаймиз»,дея ишонтиради Фарида.

«Азаттиқ» суҳбатдошлари муборак Рамазон ойида Қирғизистон ҳукумати уларнинг ватанга қайтариш ҳақидаги сўровига ижобий жавоб беришига умид билдиришади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил март ойида Бишкек Қирғизистон фуқароларининг 79 нафар фарзандини Ироқдан ватанига қайтарган эди. Уларнинг оналари Ироқда қолишган. Жорий йилнинг февраль ойида Суриядаги фильтрация лагерларидан 59 киши, 18 аёл ва 41 бола Қирғизистонга қайтарилган.

2022 йил июль ойида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Жээнбек Кулубаев Ироқ ва Суриядаги қамоқхоналарда қирғизистонлик 200 аёл ва 400 нафар бола борлигини маълум қилганди. Вазирнинг қўшимча қилишича, рақамлар аниқланмоқда ва бу рақам бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. «Ҳозир биз болаларни Қирғизистонга қайтариш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Оналар учун ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Аммо бу ерда бу иш анча қийин, чунки у қамоққа юбориш учун қўйилган жазоларнинг оғирлигига боғлиқ», — деб тушунтиради Қулубаев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди