ОАВ: Туркманистонда дунёда мавжуд IP-манзилларнинг 75 фоизи блокланган

Serhetabat-dovletabat.gov.tm сайти фотосурати

Туркманистонда 3 миллиардга яқин IP-манзиллар блокланган, бу дунёдаги мавжуд манзилларнинг тўртдан уч қисмини ташкил этади, дея хабар беради Turkmen.news мамлакатдаги манбаларига таяниб.

«2022 йилнинг кузида Туркманистонда 2,5 миллиардга яқин IP га йўл тўсилган бўлса, олти ой ичида эса яна ярим миллиардга яқин манзил блокланган. Умуман олганда, дунёда 4 миллиардга яқин IP мавжуд. Шундай қилиб, ҳозирда Интернетнинг тўртдан уч қисми блокланган ва вазият кундан-кунга ёмонлашмоқда», — деб ёзади нашр.

Яқинда Чикаго ва Мэриленд (АҚШ) университетларининг бир гуруҳ олимлари Туркманистондаги интернет цензураси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларини эълон қилишди. У 2021 йил охирида ишга туширилган ва бир йилдан ортиқ давом этган. Тадқиқотчилар 15,5 миллион доменни синовдан ўтказганлар ва уларнинг 122 000 дан ортиғи блокланганлигини аниқлаганлар.

Тадқиқот иштирокчиларидан бири Нгуен Фонгнинг айтишича, у илгари Хитойда 300 000 дан ортиқ доменлар блокланган интернет цензурасини ўрганган. Аввалига у Туркманистонда тегишли технологиялар йўқлиги сабабли бундай кенг кўламли блокировка қилиш мумкин эмас деб ҳисоблаган. Лекин охирида у хато қилганини англаган.

«Улар турли протоколлар ёрдамида турли даражаларда блоклайдилар: DNS, HTTP, HTTPS. Улар қоидага асосланган блоклаш тизими бўлган мунтазам ифодалар деб аталадиган доменларни блокировка қиладилар. Масалан, Туркманистонда «порно» сўзи бўлган ҳар бир домен номи блокланган. Агар у порнографик сайт бўлмаса ҳам, унинг номида «порно» сўзи бўлса, у автоматик тарзда блокланади», — дейди Фонг.

Натижада, мамлакатда жуда кўп тасодифий сайтлар блокланган.

«Туркманистондаги энг ёмон блокировка қоидаларидан бири шундаки, ҳукумат w.org билан тугайдиган ҳар бир сайтни блоклайди, бу WordPress. Ундан фаоллар ва блогерлар фойдаланади»,дея тушунтиради Фонг.

Шу билан бирга, 1000-2000 доллар пора эвазига Киберхавфсизлик хизмати блокланган сайтни бир ой давомида «оқ рўйхат»га киритиб, уни оммага очиши мумкин.

2021 йили Туркманистон ҳукумати Руминиянинг NTT DATA Romania S.A. компанияси билан 29 миллион евродан ортиқ миқдорда киберхавфсизлик хизмати учун ускуналар етказиб бериш учун шартнома имзолаган. 2022 йил сентябрь ойида Turkmen.news 2022-2025 йиллари мамлакатнинг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича Давлат дастурини қўлга киритганди. У, жумладан, автоном Миллий рақамли тармоқни яратишни назарда тутади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ